“Қочоқ” оталар ушланиб, жавобгарликка тортилди

20:16 01 Декабрь 2023 Жамият
282 0

Маълумки, фарзандлар таъминоти, яъни суднинг қарори билан вояга етмаганларга алимент тўланиши мажбуриятдир. Аммо, айрим қарздор оталар бунга “панжа орасидан қарашади” ки буни асло оқлаб бўлмайди. Шу боисдан ҳам алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан тизимли чора-тадбирлар ҳамда “маҳаллабай” ундирувлар олиб борилмоқда.

Айни жараёнда фарзанди моддий таъминотини таъминламай, яшириниб юрганларни қидириб топишга ҳам тўғри келяпти. Хусусан, бундай шахсларни топиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида Бюронинг Наманган вилояти бошқармаси қидирув шўбаси инспекторлари томонидан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида амалий тадбирлар ўтказилмоқда. Куни кеча олиб борилган навбатдаги тадбир давомида чустлик қарздор ота топилиб, унга нисбатан узоқ вақтдан бери алимент тўламагани учун жиноят иши қўзғатилди.

Аниқланишича, Р.Қ га фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг қарорига кўра икки нафар фарзанди учун то вояга етгунга қадар алимент ундириш белгиланган. Бироқ, қарздор турли баҳоналар билан белгиланган маблағни тўламай келгани учун жорий йилнинг апрель ойида ўн беш суткалик маъмурий қамоқни ўтаб чиққан. Бундан ҳам тегишли хулоса қилмай яна фарзандлари таъминотидан бўйин товлагани етмагандай, жамоатчиликдан яшириниб юради. Олинган маълумотларга кўра, қидирувдаги шахс Тошкент вилояти Оҳангарон туманида юрган чоғида тадбир давомида ушланиб, Чуст туманига олиб келинди. Ўтказилган суҳбат мобайнида қарздорлик салкам 15 миллион сўмга етгани, уни бартараф этиш тушунтирилди. Бироқ, яна масъулиятни ҳис этмади ва унга нисбатан жиноят иши очилди.

— Умуман олганда жорий йилнинг ўтган даврида Бюронинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан қидирувга берилган 284 нафар қарздорларнинг 176 нафари топилди, — дейди инспектор Ёқубжон Долимов. — Уларнинг 35 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса, 58 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган. Олиб борилган профилактик ва тушунтиришлардан сўнг 320 млн. сўм қарздорлик ундирилди.

                                                Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер