«Қизимни Саломова мактабида ўқитаман...»
— Айтайми нега Саломoва мактабини танлаганимни? — дейди онахон «Damas»да Яккабоғ туманига борар экан. — Чунки қўшнимизнинг қизи шу мактабда пазандаликни ўрганиб, шундай чиройли торт пиширяпти, есангиз мазаси оғзингизда қолади. Фақат торт эмас, турли ширинлар тайёрлайдики, худди фабрикада ишлаб чиқарилгандай. Бу ҳунарни қаердан ўргандинг десам, Яккабоғдаги Саломова опа мактабида ўқиб чиқдим, дейди.
— Шунга Яккабоғ томонга отландингизми қизингизни олиб? — дейди ёнидаги кексароқ аёл.
— Ҳа, қизимни тўғри унинг қўлига топширмоқчиман, — яна гапида давом этади онахон. — Қўшнимнинг қизи жуда ўзгариб қолди. Вой, тили ширинлигини, қўлини кўксига қўйиб салом беришини, буниям қўя турайлик, «Наргиза опам» деди шекилли ўша Саломовани ўша «Ўз қўлинг билан ҳаётингни ўзгартир» дебди. Бу зўр гапда! Тўғри, бизнинг маҳалламизда тадбиркор, ишбилармон, рўзғорини ҳам гулдек қилиб қўйган аёллар жуда кўп. Аммо қўлидан иш келмайдиган, «Иш йўқ, қаерда ишлайман» деб кун бўйи телефонга тикилиб турадиган қизлар ҳам борда. Саломова ана шундайларни уч ойда ўз қўли билан ҳаётини ўзгартирадиган қизларга айлантирар экан.
— Ўзингизнинг қизингизчи, ҳунари йўқми?
— Ҳунари бўлса, шунча йўл босиб, Саломовани излаб юрармидим?! Тикувчиликка ўқитмоқчиман. Қўшним қизи айтишига кўра, Наргиза Саломова Яккабоғда «Сетора Имкон Плюс» нодавлат ўқув муассасини очибди. Ҳозиргача 20 минг нафарга яқин хотин-қиз ўқиб чиқибди. Бехабар қолган эканмиз, мана, ҳечдан кўра кеч деб йўлга чиқдим. Кейинчи, ўша аёл — Наргиза Саломова Яккабоғ туман Кенгаши депутати экан. Шу йилнинг ўзида 300 нафар «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»даги хотин-қизларни текин, ўз ҳисобидан ўқитибди. Айтишларига қараганда, жа аломат аёл эмиш денг. Икки марта Президент соврини — «Spark» автомобилиниям қўлга киритибди.
— Ҳа, ўша аломат аёлни мен ҳам танийман, — деди «Damas» ҳайдовчиси. — Сизни тўғри ўша ўқув муассасасига олиб бораман. Менинг қизим ҳам ўқиб чиққан, худди айтганингиздек, ўзини ўзи иш билан банд қилган.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг