Қизилтепада Эрон кошинлари ишлаб чиқарилади

20:04 08 Июнь 2022 Жамият
501 0

Мамлакатимиз қурилиш маҳсулотлари бозорида Эрон кошинлари анчагина харидоргир. Сабаби сифати ва ҳамёнбоплиги билан боғлиқ.

Мазкур маҳсулотни ўзимизда, яъни Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Қизилтепа тумани ҳокими Улуғбек Файзиев ва Эрон Ислом Республикасида фаолият юритаётган "Ebtekar Sanat Taban Manufacturing" компанияси таъсисчиси Муҳаммад Реза Фатеҳи томонидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумга кўра, туманда фаолият кўрсатаётган «Бўстон чинниси» хусусий корхонаси ва "Ebtekar Sanat Taban Manufacturing" компанияси ҳамкорлигида кошин маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Шунингдек, эронлик ҳамкорлар туманда йирик ишлаб чиқариш корхоналари учун технологиялар, эҳтиёт қисмлари тайёрлашни ҳам режалаштириб, музокараларда бунинг ташкилий жиҳатлари муҳокама этилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, илгарироқ туманнинг «Оқ мачит» маҳалласида эронлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда "Sharq Uzbek Iran“ МЧЖ фаолияти йўлга қўйилиб, корхонада дунёга машҳур Эрон гиламлари ишлаб чиқариш, ”Mr fish company" масъулияти чекланган жамиятида эса форсийзабон тадбиркорлар билан ҳамкорликда балиқчилик хўжалигига асос солинган эди.

— Тадбиркорликда ўттиз саккиз йиллик тажрибам бор, — деган эди "Mr fish company" МЧЖ тақдимотида эронлик тадбиркор Часеми Саид Муҳаммадали Саид Муртеза. — Ўзбекистонда инвесторлар учун яратилган шароит ва имтиёз бизга жуда маъқул келди. Айниқса, вилоят прокуратураси томонидан кўрсатилган ёрдамдан беҳад миннатдормиз. Шу боис келгусида мен Эрон давлатидаги тадбиркор дўстларимни қурилиш материаллари, дори-дармон ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳамда туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш соҳаси ва илм-фан йўналишларига ҳам ўз сармоялари билан даъват этмоқдаман. Насиб этса, келгусида ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириб, вилоятингиз аҳолисининг бандлигини таъминлаш орқали ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаймиз.

Кўриниб турибдики, эронлик тадбиркорнинг сўзлари амалий исботини топмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер