Қизилқумнинг жониворлар олами 2400 та йўрға тувалоққа кўпайди
Йўрға тувалоқ — Қизилқум чўли экотизимининг ноёб қуши бўлиб, у биологик хилма-хилликни сақлашда муҳим ўрин тутади. Ушбу қуш нафақат Ўзбекистон табиати безаги, балки халқаро миқёсда ҳам муҳофазага муҳтож турлардан бири ҳисобланади. Шу боис йўрға тувалоқ Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро уюшмаси рўйхатига киритилган бўлиб, йўқолиб кетиш хавфи остида турган тур сифатида эътироф этилади.
Сўнгги йилларда уларни асраш, кўпайтириш борасида Навоий вилоятида ҳам бир қатор ибратли ишлар амалга оширилиб, ҳамкорлик доирасининг географияси кенгайиб бормоқда.
Хусусан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Бирлашган Араб Амирлигининг “Йўрға тувалоқ” маркази ҳамда “Falcon Hunting Solutions” МЧЖ ўртасидаги ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан 2008 йилдан буён Қизилқумда йўрға тувалоқларни кўпайтириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Йўрға тувалоқлар табиий муҳитга мослашувчанлиги билан ажралиб туради, — дейди эколог олим Эшмамат Тоғаев. — Агар улар учун қулай шароит яратилса, популяцияни барқарор даражада сақлаб қолиш имконияти юқори.
Ҳамкорлар томонидан яқинда Конимех тумани, шунингдек, Учқудуқ, Томди туманларининг чўл ҳудудларига жами 2400 дона йўрға тувалоқ қўйиб юборилди. Қушларни қўйиб юбориш билан бирга, уларнинг яшаш муҳитини муҳофаза қилиш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш устида ҳам тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бориш муҳим ўринга эга.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг