Қизилқумда кончилар учун махсус қўрғонча фойдаланишга топширилди
Фото: Халқ сўзи
Қўрғончанинг очилиш маросимида Навоий кон-металлургия комбинати Бош директори Қ. Санақулов, «Навоийуран» давлат корхонаси Бош директори Ж. Ҳасанов ва Конимех тумани ҳокими Р. Рўзиев «Зафаробод» кон бошқармасига қарашли 1-геотехнологик кони жамоасини Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги билан қутлаб, истиқлол мамлакатимизда инсон қадрини юксак қадрият даражасига кўтаргани, кончилар ҳаёти ва меҳнати муҳофазаси тизимли равишда яхшиланиб бораётгани «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» ғоясининг яна бир амалий ифодаси эканини таъкидлашди.

Чиндан ҳам Зафаробод қўрғонидан 105 км, 1-геотехнологик конидан 72 км узоқликда жойлашган ушбу ҳудудда меҳнат қилишнинг ўзи бўлмайди. Қилт этган шамол, тик турган хода учрамайдиган Қизилқумда саратон кунлари соя, қиш изғиринида пана жойни топиш мушкул. Чўлнинг инжиқ иқлими синовларини назарига илмаган кончилар ўз матонати билан мамлакатимиз иқтисодиётига улкан ҳисса қўшаётгани ва улар учун муносиб меҳнат шароити яратиш айни зарурат экани қайд этилди.

1-геотехнологик кон «Аулбек» участкасининг ишчилар қўрғончаси номини олган ушбу масканни қуриш ишларига 300 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди. Қисқа давр ичида «Зафаробод» кон бошқармасининг Таъмирлаш-механика цехи ва Капитал қурилиш бўлими қурувчилари шижоати билан 96 ўринга мўлжалланган 26 та замонавий вагон-контейнерлардан иборат яхлит ишчилар қўрғончаси қад ростлади. Вагон-контейнерларнинг 12 таси ётоқхона, 12 таси хизмат хоналари бўлиб, ошхона, овқатланиш, ювиниш, кийиниш, Маънавият ва тиббиёт хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бундан ташқари қўрғончада ишчи-ходимлар дам олиш пайтларида маданий ҳордиқ чиқаришлари ва бадантарбия билан шуғулланишлари учун кичик спорт майдончаси ҳам мавжуд.
Тантанали маросимда қўрғончанинг қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчилар ва фаол ишчи-ходимлар корхона томонидан рағбатлантирилиб, байрам дастурхони тузалди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг