Қизилқум қизғалдоғи
Фото: Халқ сўзи
Ватан манзаралари
Қизилқум. Апрелнинг охири ва май ойи бошида мана шу чексиз қумликларнинг гоҳ у бурчида, гоҳ бу бурчида бош кўтарган, узуқ-юлуқ – Оқтов, Қоратов, Балапан, Арслантов, Жалпақтов этаклари, таъбир жоиз бўлса, қизил денгизга айланади. Миллионлаб қизғалдоқлардан поёнсиз гилам ёзилади. Қизғалдоқзорлар кун бўйи бир неча бор турланади, қуёш чиққанда товланади, ботаётганда мисли ёнади - оловга айланади. Саҳро баҳор бошида гулшан бўлади. Сўнгра яна аслига қайтади.
... Ёшим олтмишдан ошиб, Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудига борган бўлсамда, Қизилқум ичкарисига кирмаган эдим. Бағрини ёриб чиққан Қизилқум, аввал Зарафшон, кейин Учқудуқ, нариси Боймурод ва яна чўлнинг олис кенгликларидаги одамзоднинг саноқли қўналғаларига элтувчи йўлдан юрмагандим. Бу йўл сизу биз ўрганган, атрофи дов-дарахт, бир-бирига уланиб кетгувчи шаҳару қишлоқлар, кўм-кўк экинзорлар, шовуллаган боғу роғлар каби йўл манзараларидан холи. Дарёлар, сойлар, булоқлардан ҳам.
Навоийдан чиққач, Зафаробод шаҳарчасидан 150 километрлик масофада йўл ҳаракати хавфсизлиги пости ва унинг атрофида бир-икки савдо шохобчаси борлигини айтмаса, Зарафшон сари 250 километрлик йўл теграси бутунлай яйдоқ.

Бунда ҳаёт ва табиат кўзингизга саксовул, исириқ, кусук, коврак, жуа, юлғун, янтоқ каби саҳро зироати, туя, от, қўй-эчки сингари чўл ҳайвоноти тимсолида кўринади. Чўлнинг «Жусан» номли ўсимлиги ҳам бор. У мисли райҳон каби хушбўй. Райҳондан фарқи шуки, мазкур ўсимлик табиий ўсади. Қизилқум овулларида жусандан супурги қилишаркан. Ва у ҳам саришталик, ҳам ёқимли ҳид бахш этаркан. Яна бир қимматли жиҳати, жусан супургиси қўлланилган ёки айни ўсимликнинг боғлами осилган хонадонга қурт-қумурсқа, ҳашаротлар йўламас, яъни у табиий дезинфекция воситаси саналаркан. Ажойиба! Буларни менга конимехлик ёш журналист, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистри Гулдана Наринбетова йўл-йўлакай айтиб берди. Қумликларнинг қайсидир пучмоғидаги Балақарақ овулида туғилган мезбон – ҳамкасбимизнинг ҳикоя қилишича, жусаннинг янтоқ, саксовул, кунгабоқар баргларига қўшиб тайёрланган дориси кўплаб касалликларнинг олдини олади ва даволайди. Ҳа, Қизилқумда минг йиллар нарисида ҳам одамлар яшаган ва турмушнинг чўлбоп тамойилларини яратган ҳолда, ўзига хос халқ табобатини ишлаб чиққанлар.
Илло, Гулдана айтадики, бу томонларда қадимдан халқона тиббиёт профилактикаси қарор топган. Касалликларнинг олдини олиш ва даволашнинг ушбу ҳам оддий, ҳам мураккаб усули бир неча босқичдан иборатлиги эса жуда аҳамиятли, назаримизда.
Ва шу ўринда айтиш лозимки, эҳтимол, замонавий тиббиёт вакиллари ўрганса, қўлласа арзийдиган жиҳатлар бордир унда. Мазкур икки жараёнлик муолажа ҳар йили қатъий тартибда бажарилади: июлда қумга кўмилиш, орадан қирқ кунни ўтказиб, шу ерликлар талқинида маълум талаблар асосида белгиланган чилла сақлангач, августда Лавли (Оловли) кони атрофидаги табиий иссиқ сув манбасига чўмилиш.
Яна Қизилқум набототининг айрим турлари табиий геолог вазифасини ҳам бажаради. Гап шундаки, баъзи ўсимликлар ўсган жойлар фойдали маъданлар макони эканлиги амалда исботланган.
Бунда чексизлик осмон қадар кўламли. Номи чўл бўлсада, унда ажиб бир улуғворлик, виқор мавжуд.
Ичкарилаб борар экансиз, кўнгил кенгайишини ҳам ҳис қиласиз, Қизилқумнинг бағрикенглиги қалбингизга ўрнашади, хаёл эса узоқ ўтмишга кетади: «Бизку, исисак салқинлайдиган, совуқ қотсак илиқ-иссиқ ҳаво берадиган учқур автобусда кетяпмиз, аждодларимиз туя ва отда қандай сафар қилишган экан бу кимсасиз ерларда?»

Зарафшон шаҳрига боргунча онда –сонда кичик йўлларга бурилишлар учрайди. Демак, улар қайсидир овулга элтади.Ҳа, дарвоқе, Конимех тумани ҳудуд жиҳатидан мамлакатимиздаги энг катта ва айрим вилоятларга тенглашадиган даражада бўлсада, ундаги аҳоли манзиллари бир-биридан 50 -120 километргача йироқда жойлашган. Йўлда учраган туя ва бошқа чорвалар ана шу овулларнинг қайсидир биридан ўтлашга чиққан. Қизиғи, ақл-идрокли одам адашиши мумкин бўлган чўлда чорва моллари, агар овулидан 30-40 километр узоқлашиб кетсада, ўз қўрасини ҳеч қийналмай топиб борар экан. Яна Қизилқумда туяга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Қадимдан сақланиб, авайлаб-асраб келинаётган бу анъана моҳиятида ўзига хос ҳаёт фалсафаси бор. Туя чўл хонадони, рўзғори учун тўрт-беш вазифани бажаради. Сути дармондорига бой. Гўшти қувватбахш. Жуни - иссиқ кийим. Лекин туяга иззат –ҳурмат важидан жунидан фақат белдан юқори учун кийимлар тикилар экан. Дейлик, пайпоқ тўқиб, оёқости қилиш умуман мумкин эмас. Асрлар оша инсоннинг чўл аро мураккаб ва машаққатли сафарида энг ишончли йўлдоши у. Қудуғидан сув тортиб берувчи дастёр, узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи улов ҳам у.
«Агар туянинг оқ туслисига дуч келсангиз, ишонаверинг, тез орада бой- бадавлат бўлиб кетасиз», дейди қизилқумликлар. Оқ, оппоқ автобусда елиб борар эканмиз, борар манзилимиз- дунёга машҳур Мурунтов кони ёдга тушиб, негадир Қизилқумнинг ўзини елкасига олтину кумуш тўла сандиқлар ортмоқлаган улкан оқ туяга менгзадик. Ва бу ўхшатишнинг ҳаётийлигини Навоий кон-металлургия комбинатининг 7- гидрометаллургия заводи ва, албатта, катталиги жиҳатидан жаҳонда биринчи ўринда турувчи Мурунтов кони карьерида кўрдик. Конлардан қазиб олинган олтинли рудада биринчи ишловдан чиққач ҳам, бирмунча тилло зарралари қолар экан. Ўтган йили ишга туширилган 7-гидрометаллургия заводи айни техноген чиқиндиларда қолган олтинни ажратиб олишга мўлжалланган. Завод яқинида 15 миллион тонна ана шундай хом ашё бор. Жами йиғилиб қолгани эса 300 миллион тоннадан ҳам кўп. Хуллас, корхонанинг узоқ йиллар ва узлуксиз ишлаши учун захира етарли. Хўш, қачондир олтинли кон манбалари тугайдими?
Навоий шаҳридаги Навоий кон –металлургия комбинати тарихи музейи директори Салима Холдорова яқинда комбинат раҳбарияти ташаббуси билан улуғ аждодимиз Абу Райҳон Берунийнинг араб тилидаги асари ўзбекчага ўгирилиб, чоп этилганини маълум қилди. Унда Беруний бобомизнинг ёзишича, олтин ҳосил бўлган жойлар асраб-авайланса, улардан расамади билан маъдан ковлаб олинса ва бу бойликлар фақат эзгу мақсадларга сарфланса, ўша ҳудудда яна тилло пайдо бўлаверади, халқ тилида айтганда, «болалаб», ўзидан кўпаяверади. Билишимизча, ушбу илмий башорат ҳозирги замонавий фанда ҳам исботланган. Маълумотларда келтиришишича, Навоий кон-металлургия комбинатининг кон ва ишлаб чиқариш манзиллари йил сайин кенгайиб бормоқда. Ҳали янги очилган конлар негизида яна бир неча заводлар қурилади. Ва Ўзбекистоннинг олтин ишлаб чиқариш салоҳияти ҳозиргидан сезиларли даражада янада юксалади.

Муболағага йўймасангиз, Мурунтов - бу олтин қайнаётган қозон. Бу қозоннинг маҳобати шунчаликки, унинг айланма тушиб-чиқиш йўлларида ҳаракатланаётган паҳлавон «Белаз»лар, чўмичида тонналаб рудани кўтарган баҳайбат экскаваторлар тепадан қаралганда чумолидек митти бўлиб кўринади кўзингизга. Коннинг чуқурлиги 630 метрга етган. Келгусида кончилар ернинг 1080 метригача қаъридан ҳам маъдан ковлаб олишни режа қилишган. Геологик маълумотларга кўра, олтин 2000 метргача бўлган ер қатламида мавжуд бўлар экан. Эҳтимол, келажакда технологик ва техник имкониятларимиз янада ривожланиб, ана шунча узоқ чуқурликда ҳам қазиш ишлари йўлга қўйилар. Ҳеч шубҳасиз, шундай бўлади. Бу фикримизга мамлакатимизда геология, кончилик соҳасига бўлган юксак эътибор, хусусан, яқинда Президентимиз қарори билан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ташкил этилгани ёрқин далолатдир.
Юртимизнинг бир марта бориб кўриш керак бўлган манзилу маконлари бисёр. Лекин ушбу йўналишларда Қизилқум ва унинг бағридаги чўл марвариди – Зарафшон бормикан, ё олисдаги Учқудуқ –чи? Агар бўлмаса, ички сайёҳлик харитасига Қизилқум саёҳатини ҳам қўшиш керак. Токи юртдошларимиз, айниқса, ёшлар бу кенгликлардаги матонатли меҳнат самаралари, номи ва манзараси чўлу, лекин мамлакатимизни бўстонга айлантиришга катта ҳисса қўшаётган Қизилқум ҳаёт ва яратувчанлик қайнаб-тошган ажиб бир макон эканлигини кўрсинлар ва фахрлансинлар., Қизилқум қизғалдоқларидан ҳайратлансинлар.
Ҳа, дарвоқе, нима бўлганида ҳам, Қизилқум қизғалдоқлари ҳузурига кимдир келса-келмаса, ҳар баҳор очилаверади.Саҳронинг олису овлоқлардаги етим тоғлари этагида қисқа яшовчи шундайин гулшанлар борки, уларнинг ҳусни жамолини кундуз қуёш, тунда ой ва юлдузлар томоша қилади, холос. Ойпари қизнинг ўзидан гулбаргак тақиб, бағрида сайр қилишини орзу қилган не-не қизғалдоқлар армонда ўтадилар. Аммо келгуси баҳорда яна интизор бўлиб қизил пойандозлар тўшайверади.
Ҳа, кўкламойнинг узоқ-узоқлардаги нафис безагига ҳамма ҳам етиб боравермасада, чўл чечагининг малоҳати, нафосати олис-олисларда ҳам довруқ таратади Мурунтов олтини каби. Яъни унинг ҳам ўз номи бор «Қизилқум қизғалдоғи» деган!
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг