Қизғин баҳс-мунозаралар, тортишувларда халқ манфаатларига устуворлик қаратилмоқда
Фото: Динара Чиркова, «Халқ сўзи»
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, инсон манфаатларини таъминлаш, болалар ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган масалалар кўриб чиқилди. Қонун лойиҳалари муҳокамасида, энг аввало, уларнинг ҳаётимизда қанчалик аҳамиятга эгалиги, тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат сифатида амалиётга қай даражада татбиқ этилишига эътибор қаратилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига номзод маъқулланди
Депутатлар Президентимизнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ташкил этиладиган Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масаласини кўриб чиқди.
Вазир лавозимига айни пайтда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси лавозимида ишлаб келаётган Раҳмат Маматовнинг номзоди кўрсатилган.
Муҳокамалар чоғида депутатлар янги вазирлик ва унинг раҳбарияти олдида турган муҳим вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Маҳалла институтининг ички ишлар органлари ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан узлуксиз, тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби ўта муҳим масалалар юзасидан таклифларини илгари сурди.
Шу билан бирга, номзоднинг ҳаракат режаси юзасидан саволлар берилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига номзоди кўрсатилган Раҳмат Маматов парламент аъзолари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди ҳамда улар эътиборига мазкур лавозимга киришганидан сўнг вазирлик билан парламент ўртасидаги муносабатлар янада фаол ва самарали бўлишини билдирди.
Савол-жавоб, муҳокамалар якунида қуйи палатанинг Раҳмат Маматовни Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига маъқуллаш ҳақидаги қарори қабул қилинди.
Минглаб юртдошларимизга фуқаролик берилади
Депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилган масалалардан бири —“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Фуқаролик — ҳар бир шахсга барча фуқаролар қатори тенг шароит ва имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи муҳим ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ ҳисобланади. Ватанимиз ҳудудида туғилиб, яшаб, ишлаб, бироқ муайян сабабларга кўра, ана шундай муҳим ҳуқуқ — Ўзбекистон фуқаролигини ололмай юрган юртдошларимиз ҳам оз эмас.
Шу боис Президентимиз кейинги уч йил ичида ана шундай оғриқли масаласи бор кўплаб юртдошларимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини берди.
Маълумотларга кўра, 1991 йил сентябрь ойидан бугунги кунга қадар 8249 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам айни масалага алоҳида эътибор қаратилгани минг-минглаб юртдошларимиз кўнглини ёриштириб юборди. Унда, шунингдек, 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ узоқ йиллардан буён ечилмасдан келаётган муаммоси ҳал этилиши кўзда тутилганди.
Мажлисда парламент аъзолари томонидан кенг муҳокама этилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни муҳим масалани ҳал этишга қаратилгани билан диққатга сазовордир.
Амалдаги қонун 27 йил аввал қабул қилинган бўлиб, маънан эскирган ҳамда бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар талабларига жавоб бермайди.
Шу боис лойиҳа тегишли қўмита, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида қайта-қайта кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди. Мутахассис ва экспертларнинг таклифлари олинди.
Мазкур қонун лойиҳасининг 6-моддасида 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискага ўтган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга кирган кунга қадар Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс, истак билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси, деб тан олиниши назарда тутилган.
Қонун лойиҳасига “ватандош” тушунчаси киритилиб, фуқаролиги бўлмаган ватандошларга нисбатан фуқароликка қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари яратилиши бўйича қатор нормалар киритиляпти.
Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари эркинлаштирилади. Фуқароликни олиш мақсадида тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони қисқаради. Фуқароларни консуллик ҳисобига туриш муддати узайтирилади. Умуман, бу билан соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади.
Мажлисда кечган қизғин савол-жавоб, муҳокамалардан сўнг қонун қабул қилинди ва Сенатга юбориладиган бўлди.
Қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди
Мажлисда кўплаб масалалар қаторида “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси батафсил кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат билан бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишга кўра, 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш тақиқланмоқда. Депутатларнинг фикрича, бу болалар ҳуқуқларини таъминлаш баробарида, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва мулоҳаза атрофлича ўрганиб чиқилди. Таклифларнинг аксарияти инобатга олинди ва лойиҳага таҳририй ўзгартишлар киритилиб, маромига етказилди. Ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар билан бойитилди.
Қизғин баҳс-мунозара, савол-жавоблардан сўнг ушбу ҳужжат моддама-модда кўриб чиқилиши жараёнида баъзи масалалар борлиги ойдинлашди. Парламент аъзоларининг саволлари, эътирозларидан келиб чиқиб, лойиҳа қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилиши учун масъул қўмитага қайтарилди.
Микромолиявий хизматлар кўрсатиш тизимида қандай янгиликлар бўлади?
“Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2019 йил 23 июлдаги “Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.
Иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилган лойиҳа билан микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида белгиланган миқдорлардан ошмайдиган суммада микрокредит, микроқарз, микролизинг бериши назарда тутилиб, микромолиявий хизматлар кўрсатишнинг ҳажмлари оширилмоқда.
Ушбу ҳужжат билан киритилаётган ўзгартишлар аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг микромолиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, тўлов қобилиятини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар ҳажмининг ошишига ёрдам беради.
Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида лойиҳа депутатларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида қайта ишланиб, пишиқ-пухта ҳолга келтирилди. Хусусан, қонун лойиҳасининг 4, 5 ва 6-моддаларида микромолиявий хизматлар ҳисобланган микрокредит, микрозайм ва микролизингнинг аниқ миқдорлари белгиланмоқда.
Мажлисда депутатларнинг шу ва бошқа бир қатор муҳим таклиф ҳамда мулоҳазалари тингланиб, атрофлича муҳокама қилинди. Уларнинг аксарияти қонун лойиҳасида ўз ифодасини топди.
Гаага конференцияси Устави ратификация қилинади
Депутатлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига дахлдор кўплаб қонун лойиҳалари қаторида “Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилишди.
Таъкидланганидек, Гаага конференцияси 1893 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Гаага шаҳрида жойлашган халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади.
Ҳозирги кунда ташкилотга 82 та давлат, шу жумладан, Европа Иттифоқи аъзо саналади. МДҲ давлатлари орасидан эса конференцияда Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон республикалари ва Россия Федерацияси иштирок этади.
Гаага конференцияси 1955 йил 15 июлда кучга кирган Устав асосида фаолият юритади.
Мажлисда кечган муҳокамаларда мазкур ташкилот Уставини ратификация қилиш билан боғлиқ барча масалалар депутатлар эътиборидан четда қолмади.
Парламент аъзоларининг фикрича, Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши халқаро фуқаролик, оилавий ва хусусий ҳуқуқнинг унификацияси жараёнида мамлакатнинг иштирокини ва замонавий стандартларни ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқий соҳани янада ривожлантиришни ҳамда чет элда яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг ушбу қонун қабул қилинди.
Зиёда АШУРОВА
(“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг