Қишлоқда нега дарахтлар камайиб кетяпти? Чунки...

13:10 31 Январь 2019 Жамият
2144 0

Тадбирдан лавҳа.

“Халқ сўзи ONLINE”. Аҳмадали Шерназаров/Гулистон. Қуйи палата депутатларининг Гулистон туманидаги Соҳилобод маҳалласида бўлиб ўтган навбатдаги мулоқоти одатдагидан бошқача кечди.

Гап шундаки, учрашув мажлислар зали ёки бирор-бир бинода эмас, балки маҳалланинг марказий кўчаси четидаги майдончада ўтказилди. Айтиш мумкинки, маҳалла аҳлини қийнаётган масалалар ҳамда уларнинг таклиф-мулоҳазаларини ўрганишнинг бундай норасмий шакли ўз самарасини берди. Яъни у иштирокчилар учун янада қулайлик яратиб, очиқлик ва шаффофлик муҳитида ўтди.

Соҳилободликлар, аввало, маҳаллада ичимлик суви борасида мавжуд муаммони ўртага ташладилар. Маълум бўлишича, ҳудудни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича белгиланган лойиҳа муддатида амалга оширилмаган. Уларнинг айтишича, бажарилган ишлар ҳам талабга жавоб бермайди. Бунга биргина тортилган қувурларнинг бир нечта жойидан сув сизиб чиқаётгани яққол далилдир. Депутатлар ушбу масалани мутасадди ташкилотлар билан чуқур ўрганган ҳолда унинг ечими бўйича зарур чоралар кўрилишини билдиришди.

Шу маҳаллада яшовчи Юсуф Қўшиевнинг айтишича, қишлоқда йўлкалар йўқлиги туфайли мактаб ўқувчилари автомобиль йўли ёқалаб юришга мажбур бўлишмоқда. Соҳилободлик Амирқул Бегматов эса хонадонларни иситиш учун ўтиндан фойдаланиш оқибатида қишлоқда дарахтлар камайиб кетаётганлигини куйиниб гапирди.

Мулоқотда энг кўп тилга олинган мавзу эса тиббий хизмат борасидаги камчиликлар бўлди. Яна 640 ўринли мактабда амалда 840 нафардан зиёд болалар ўқиётгани ҳамда ўқувчилар сони йилига қарийб 60 нафаргача ортиб бораётгани инобатга олинса, маҳалла учун қўшимча мактаб биносига эҳтиёж нечоғли юқори даражада эканлиги ҳам айтилди.

Мазкур туманнинг Уювли қишлоғидаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган уннинг сифатини ошириш масаласи кўтарилди. Шу билан бирга, аҳолининг маҳаллага автобус қатновини қўйиш, газ таъминоти, тиббий хизматни яхшилаш, йўлларни тартибга келтириш бўйича талаблари эшитилди.

— Мулоқотлар чоғида қонунларимиз мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш ишларини ҳам олиб боряпмиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Б. Артиков. — Айни чоғда аҳоли таклиф-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда, баъзи қонунларимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳам фикрлар олинмоқда.

Депутатлар иштирокида Гулистон шаҳрида ҳам мулоқотлар ўтказилди. Учрашувлар чоғида вилоят марказидаги “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчилари учун ёпиқ турдаги спорт иншооти зарурлиги юзасидан кўтарилган масала Халқ таълими вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар эътиборига ҳавола қилинадиган бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер