Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолияти ўрганилди

20:07 10 Март 2026 Сиёсат
247 0

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳага илм-фан ютуқларини жорий этиш борасида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати жойига чиқиб ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида мазкур соҳага оид ҳукуматга юборилган парламент сўрови ижросининг ҳолати, бажарилган ишлар ва эришилган натижалар таҳлил қилинди.

Хусусан, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимига кирувчи 13 та илмий-тадқиқот институти фаолияти трансформация қилиниб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги илмий йўналишлар — «янги драйвер»лар ташкил этилган.

Жумладан, Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгариши оқибатларига мослаштиришга ихтисослашган халқаро илмий марказ фаолияти йўлга қўйилган.

Шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари томонидан 14 та хорижий илмий муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 30 та шартнома ва меморандумлар имзоланган. Натижада умумий қиймати 78 млрд сўмлик халқаро грант лойиҳалари амалга оширилган.

Тупроқни муҳофаза қилиш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ва ерларни лазерли текислаш бўйича илмий-методик асослар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Шунингдек, тупроқ таркибидаги фойдали микроорганизмлар фаоллигини ошириш, сув ва озуқа режимини яхшилаш мақсадида «Биочар» ва «Живамрут» каби табиий биоўғитлардан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилган.

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида эса замонавий биотехнологик ва молекуляр-генетик таҳлилларни амалга оширишга ихтисослашган «Ғўза биотехнологияси» лабораторияси ташкил этилган.

Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Венгрия давлати билан ҳамкорликда замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган «Ин-витро» лабораторияси фаолият олиб бормоқда.

Ўрганиш давомида соҳа мутахассислари ва олимлар билан соҳада мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш ҳамда ислоҳотларни изчил давом эттириш, амалий натижадорликни янада оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, келгусида режалаштирилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер