Қишлоқ аҳолисига замонавий тиббий хизмат кўрсатилмоқда

15:55 04 Январь 2024 Жамият
718 0

Фото: "Халқ сўзи"

Андижон туманида иккита поликлиника замонавий биноларда фаолият кўрсата бошлади.

“Шарқ юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 3-оилавий поликлиника биноси 1974 йилда қурилган бўлиб, муқаддам жамоа хўжалиги идораси вазифасини ўтаган. Бино тиббий хизмат кўрсатишга мослашмаганлиги боис хизмат кўрсатиш сифати паст ва бу аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

1 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланиб, амалга оширилган таъмирлаш ишларидан сўнг бино замонавий кўринишга эга бўлди. Хоналар тиббий муассасага мос тарзда замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.

— Поликлиникада беморларга ташхис қўйиш ва даволаш учун барча имкониятлар мавжудлигидан ғоят хурсандмиз, — дейди Храбек қишлоғида истиқомат қилувчи Абдуваҳоб Исроилов. —Тажрибали шифокорлар замонавий тиббий жиҳозлар ёрдамида касалликларни тезда аниқлаб, зарур муолажаларни амалга оширишмоқда. Бу албатта, давлатимиз томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш йўлидаги олиб бораётган ислоҳотларнинг амалий натижаси, десак муболаға эмас. Айниқса, биз нуронийлар эл саломатлиги йўлида қилинаётган бу ғамхўрликдан жуда мамнунмиз.

Ҳозирда поликлиникада 90 нафар тиббиёт ходими 24 минг 625 нафар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, поликлиника тасарруфидаги 5 та тиббий пункт 8 та маҳалла аҳлининг саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида астойдил иш олиб боришмоқда.

Тумандаги Қоратут маҳалласи аҳолиси ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланадиган бўлишди. 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига амалга оширилган таъмирлаш ишлари натижасида Охунбобоев номли оилавий поликлиника барча қулайликларга эга бўлган замонавий бинога эга бўлди. Бу “Чем”, “Дархон” ва “Асака йўли” МФЙларида истиқомат қилувчи 13 минг 700 нафар аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратди.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер