Қишлоғини китобхон қилган йигит
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Шаҳрисабз туманининг Сарчашма қишлоғи Ҳисор тоғ тизмалари бағрида жойлашган. Ҳудуднинг табиати қанчалик гўзал бўлса, у ерга бориш ҳам шунчалик қийин. Бунинг учун тоғ сўқмоқлари бўйлаб машинада анча машаққатли йўлни босиб ўтиш керак.
2020 йилнинг февралида вилоят раҳбари бошчилигидаги масъуллар шу тоғли қишлоққа бориб, у ердаги муаммоларга ечим излашган эди. Маҳалла ёшларининг талабига кўра қишлоққа махсус контейнер олиб борилиб, унда мўъжаз кутубхона ташкил этилди. Кутубхонага 200 дан ортиқ бадиий ва илмий-оммабоп китоблар совға қилинди.
Тўғриси, аввал ҳам вилоятнинг турли ҳудудларида бу каби ўнлаб лойиҳалар амалга оширилган. Бироқ уларнинг аксарияти кутилган самарани бермаганди. Шу боис олис тоғ қишлоғида ташкил этилган «контейнер кутубхона»нинг келажагига ҳам кўпчиликнинг ишонмагани бор гап. Бошқа ҳудудлардан фарқли равишда Сарчашмадаги мўъжаз кутубхонада ишлар тезда жонланди. Бу муваффақиятнинг асоси аввало, шу ерлик фидойи ёшлардан бири, ўзи ҳам китобхон йигит Яраш Жўраевнинг фаолияти билан бевосита боғлиқ.

Аввал маҳалла фуқаролар йиғинида кўчабоши бўлиб ишлаб келаётган Яраш Жўраев қишлоқда янги кутубхона ташкил этилгач Шаҳрисабз туман ахборот-кутубхона марказининг Сарчашма бўлими кутубхоначиси этиб тайинланди.
— Бу вақтда кўчма кутубхонадаги китоблар сони атиги 248 дона эди, — дейди у. — Шу боис иш бошлаган илк кунларимданоқ биринчи галда китоблар фондини бойитишга ҳаракат қилдим. Бу ишга кўплаб маҳалладошларимиз ўз ҳиссасини қўшди. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар орқали юртимиздаги турли нашриётлар, олимлар, шоир ва ёзувчилар билан боғланиб, кўмак сўрай бошладим. Улар бундан мамнун бўлиб, бажонидил қўллаб-қувватлади. Кутубхонамизга шахсан ўзи келиб, китобларидан совға қилиб кетган зиёлилар, ижодкорлар ҳам, почта орқали китоб жўнатганлар ҳам кўп бўлди. Хуллас, айни пайтга қадар фақат ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда китоблар сонини тўрт мингдан оширишга эришдик. Уни бойитишда давом этяпмиз.
Ихчам кутубхонадаги жавонларга назар ташлаймиз. Уларда унча-мунча туман марказларидан топиш имкони бўлмаган асарлар ҳам, яқиндагина нашрдан чиққан китоблар ҳам бор. Буни кўриб кутубхоначи йигитнинг чинданда ташаббускорлиги, фаоллиги, қишлоқдошларини энг янги ва яхши асарлардан баҳраманд этиш учун астойдил жон койитаётганига яна бир бора амин бўлдик.

— Яраш Жўраевни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб бораман, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Шаҳрисабз туман бўлинмаси раҳбари Шаҳло Тоғаева. — Бу йигитнинг китобларни қанчалик севиши ва қадрлашига, ўз ишига бўлган садоқати, фидойилигига доим қойил қоламан. Ҳатто қайси нашриётда қайси китоб чоп этишга тайёрланаётганидан ҳам хабардор. Уни биринчи бўлиб ўз кутубхонасига олиб келишга, қишлоқдошларини ундан баҳраманд этишга ҳаракат қилади. Бу кутубхона билан ташкилотимиз ўртасида ҳам доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Турли тадбирлар доирасида кўп бора китоблар келтириб, кутубхона фондининг бойишига ҳаракат қиламиз.
Яраш Жўраевнинг кутубхонани бойитишга астойдил бел боғлагани бежиз эмас. Чунки қишлоқдошлари жуда китобхон. Кутубхона доимо ўқувчилар билан гавжум. Келаётган ҳар бир янги китоб дарҳол қўлдан-қўлга ўтиб ўқилади. Умумий аҳолиси атиги беш минг нафардан ошадиган чекка тоғ қишлоғидан шу вақтга қадар икки нафар профессор, ўндан ортиқ фан номзоди, шунингдек, яна ўнлаб республика доирасидаги ташкилотларда фаолият юритаётган масъул раҳбарлар етишиб чиққанининг боиси ҳам сарчашмаликларнинг китобга, илмга ошнолигидадир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг