Қишки таътильдан кейинги ўқиш онлайн шаклда бўладими? — Вазирлик изоҳи
Сўнгги кунларда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани сабаб жамоатчилик ўртасида қишки таътилдан кейинги ўқиш онлайн шаклда бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий муносабат билдирди.
«Хабарингиз бор, ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун жорий йил 10-24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилиши муносабати билан олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилган эди.
Шу ўринда, белгиланган тартибга кўра, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият юзасидан Республика махсус комиссияси қарор қабул қилади ҳамда барча идора ва ташкилотлар, шу жумладан, олий таълим муассасалари ҳам мазкур қарор асосида иш юритади.
Бу борада Республика махсус комиссияси қарор қабул қилган тақдирда вазирлик расмий манбалари орқали қўшимча маълум қилинади.
Шу сабабли барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан асосланмаган хабарлар тарқатмасликларини, жамоатчиликдан эса фақат расмий манбалар орқали эълон қилинадиган хабарларга ишонишларини сўраб қолардик» дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборотида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг