Қишда эшигига қулф тушадиган боғча энди ўтмишда қолди

12:35 28 Ноябрь 2024 Жамият
255 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ҳар гал қиш нафаси сезилиб, аёзли кунлар бошланган кезларда “Нурафшон” маҳалласида жойлашган боғча биносининг эшигига қулф тушарди. Сабаби катта-ю кичикка беш қўлдай аён эди: атиги 40 ўринга мўлжалланган муассаса мослаштирилган бинода мавсумий фаолият кўрсатар, қишда иситилмас, бир сўз билан айтганда, у замон талабига аллақачон жавоб бермай қўйганди.

Бу кўнгилсиз ҳолат Шофиркон туманидаги мазкур маҳалла аҳолиси учун энди ўтмишга айланди. Гап шундаки, 40-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси қурилиб фойдаланишга топширилди. 120 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олиш имконига эга муассаса замонавий биносининг барпо этилиши учун 3 миллиард 150 миллион сўм маблағ сарфланди. Қулай ўқув ва ўйин хоналари, ётоқхона, ошхона, хавфсиз майдончалар, иссиқлик тизими – буларнинг бари болажонларга рисоладагидек таълим-тарбия беришга зарур қулайликлар яратади.

Айтиш жоизки, бу кейинги ҳафта давомида туман мактабгача таълим тизими учун қурилиб фойдаланишга топширилган иккинчи иншоотдир. Аввалроқ “Маҳаллақози” маҳалласида 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси ҳам замонавий қўш қаватли бинода иш бошлаганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер