Қирғизистон Тожикистонни халқаро шартномаларни бузишда айбламоқда
Қирғизистон Бош прокуратураси Тожикистонни икки давлат чегарасидаги қуролли тўқнашув пайтида бир қатор халқаро шартномаларни бузганликда айбламоқда.
Прокуратура босқинчилик ва бошқа жиноятлар фактлари бўйича жиноий иш қўзғатган. Унга кўра, 29 апрель куни Баткен вилоятида Тожикистоннинг босқинчи тўдалари ва доимий қўшинлари Қирғизистон Республикаси чегараларига жирканч тарзда ҳужум қилган.
Ҳужум тинч аҳолига қарши автоматлар, миномётлар, жанговар вертолётлар, оғир зирҳли машиналар, артиллерия экипажлари ва бошқа турдаги қуроллар ёрдамида амалга оширилганлиги қайд этилган.
Прокуратура маълумотларига кўра, Тожикистон бу орқали БМТнинг 1976 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Умумжаҳон декларацияси, 1991 йилдаги МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги битим, 1991 йилдаги Алмати декларацияси, МДҲга аъзо давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг дахлсизлигини таъминлаш тўғрисида 1994 йилги Москва декларацияси ва 1996 йилги Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги давлатлараро муносабатлар асослари тўғрисидаги шартнома талабларини бузган.
Баёнотда тергов чоралари кўрилаётгани, ашёвий далиллар ва видео ёзувлар, фотолар олинганлиги қайд этилган.
Аввалроқ Тожикистон Бош прокуратураси бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва Қирғизистон фуқароларига қарши тажовузкор уруш олиб бориш бўйича жиноий иш қўзғаган эди.
3 май куни эрталаб Қирғизистон ва Тожикистон ўз ҳарбий қисмларини чегарадан олиб чиқиш жараёнини якунлагани ҳақида хабар берилди.
29 апрелда Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг баҳсли қисмида, «Головной» сув тақсимлаш пункти ҳудудида можаро бошланиб, кейинчалик қуролли тўқнашувга айланиб кетди. Можаронинг бошланишига тожик томони томонидан сув олиш жойи ёнида видеокузатув камераси ўрнатилиши сабаб бўлган. Тожикистон қурбонлар тўғрисидаги расмий статистикани ҳали тақдим этмаган, Қирғизистон тўқнашувда жабрланганлар сони 183 кишига етгани, улардан 34 нафари ҳалок бўлганини хабар қилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг