Қирғизистон президенти «Артель Электроникс» корхонасига борди

18:35 10 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
1559 0

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида маиший техника ишлаб чиқариш бўйича «Артель Электроникс» Қирғизистон — Ўзбекистон қўшма корхонаси ишлаб чиқаришни кенгайтириб, маҳсулотларини экспортга чиқаришни режалаштирмоқда.

Қайд этиш жоиз, бу корхона Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековнинг 2017 йил декабрь ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган келишув асосида очилган эди.

Бугун, 10 сентябрь куни, Ўш вилоятига сафари доирасида Сооронбай Жээнбеков мазкур корхонага ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишди.

Корхона тижорат директори Орозбай Отажонов корхона 2018 йилдан буён ишлаб келаётгани ва маиший техника ишлаб чиқариш, хусусан, кир ювиш машиналарини йиғиш билан шуғулланаётгани ҳақида маълумот берди.

Бугунги кунга қадар 105 киши иш билан таъминланди, иш ўринлари сонини 200 тага етказиш режалаштирилган.

Корхона ойига 900га яқин кир ювиш машиналари ишлаб чиқаради, ойлик савдо ҳажми эса 3 миллион сомни ташкил этади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ички бозорда сотилади.

Таъкидланишича, 2022 йилда газ плиталарини, 2023 йилдан эса телевизорлар ва музлатгичлар ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган.

Президент Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон энг яқин қўшни давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

У мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини, шу жумладан қўшма саноат корхоналарини яратиш орқали ошириш зарурлигини маълум қилди.

Сооронбай Жээнбековнинг қайд этишича, улар улкан экспорт салоҳиятига эга, чунки Қирғизистонда божхона тўсиқлари ва божларсиз маҳсулот етказиб бериш мумкин бўлган Евросиё иқтисодий иттифоқи бозорларига кириш имконияти мавжуд.

Президент меҳнат жамоаси билан суҳбатда корхонанинг ҳар бир ходими унинг ривожланишидан манфаатдор бўлиши кераклигини таъкидлади. У корпоратив бошқарувнинг япон услубини мисол қилиб келтирди, бунда барча ходимлар ўзлари ишлаётган корхонага ўзларининг шахсий мулки сифатида қарашади.

Жээнбеков минтақаларни ривожлантириш сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида ҳам тўхталиб, унинг доирасида экспорт салоҳиятига эга корхоналарга асосий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер