Қинғир ишнинг қийиғи
Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатига чек қўйилди.
Бюронинг Навоий вилоят бошқармаси ҳамда шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текширишда, “З.Г” МЧЖ раҳбари Г.Зарипов жамиятга қарашли оҳак маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сонли Қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”нинг 25-банди “д” кичик банди талабларига зид равишда табиий газдан фойдаланиб келганлиги аниқланди.
Яъни, жамият цехидаги “СТГ” газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказишиб, унинг ички механизмларига тош бўлакларини ташлаш орқали сарфланаётган газ ҳисобини тўхтатиб қўйишган.
Тадбиркорнинг ушбу кирдикорлар фош қилиниб, таъминотчи корхонанинг қайта ҳисоб-китоб далолатномасига кўра, корхона манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар, яъни табиий газни ноқонуний истеъмол қилинганлиги расмийлаштирилди.
Жамият раҳбарияти қилмишини тан олиб, етказилган 384 млн. сўмлик зарарни тўлиқ қоплаб берди, шунингдек, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилди.
“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади”, деб шуни айтадилар. Бугунги шиддаткор замонамизда эса қирқ минут ҳам кифоя қилса, ажабмас.
Темур ЭШБОЕВ, (“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг