“Қилтомоқ”нинг давоси нима?

01:53 15 Май 2021 Жамият
1448 0

“Қилтомоқ” ёки қизилўнгач ўсмаси касаллиги ҳақидаги ССВ Матбуот хизматининг саволларга тиббиёт фанлари доктори Олимжон Ғуломов жавоб берди.

— Касаликка қандай ташхис қўйилади?

— Аввало, қизилўнгач ўсмасининг турини аниқлаш учун шифокор беморда диагностик текширувларни ўтказади. Унутмаслик лозим, ҳар қандай беморга қўйиладиган тўғри ташхис чуқур текширувга асосланади.

Шу боис, шифокор қизилўнгачни эндоскопик текширувдан ўтказиш учун лаборатор текширувларни тайинлайди. Зарур бўлса, биопсия – текширув учун тўқиманинг кичик бир қисми ҳам олиниши мумкин.

Шунингдек, ўсимта тарқалишини билиш учун (бошқа тўқималар ва органларнинг иштирок этиш даражаси) қўшимча текширув усуллари ҳам қўлланилади. Шифокор ютишнинг қайси босқичи бузилишини аниқлагач, шунга қараб ҳар бир бемор учун индивидуал тиклаш муолажаларини тайинлайди.

Жумладан, беморга асосан нутқ терапияси, фаол ютиш ва чайнашнинг рағбатлантириш машқлари, артикуляр машқлар, фарингеал мушакларнинг тебранишини ўз ичига олган машғулотлар буюрилади. Шу билан бирга, таомномага ҳам алоҳида эътибор берилиб, суюқ ва қуюқ овқатларнинг мослиги белгиланади. Мутахассис томонидан тайинланган машғулотлар давомийлиги беморнинг ҳолатига қараб давом эттирилади.

— Одамда қизилўнгачнинг хавфли ўсмаси аниқланса, қандай даво чоралари қўлланилади?

— Агар касаллик танага бутунлай тарқалиб кетган бўлса, у ҳолда махсус даволаш чоралари – нур ёки кимёвий дорилар тайинланади.

Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда замонавий тиббиёт қизилўнгач ўсмаларини эрта аниқлаб, ташхис қўйиш учун барча имкониятларга эга. Ўсмаларни олиб ташлаш мақсадида ўтказиладиган жарроҳлик амалиётлари ҳам ижобий натижа беради. Бунинг учун бемор шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиши зарур.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер