Қиймати баланд, қадри ўзгача
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри фойеси. Узун залнинг икки томони бўйлаб махсус расталарга териб қўйилган заргарлик, каштачилик, кулоллик, ҳайкалтарошлик маҳсулотлари, турли аксессуарлар, ўйинчоқлар ва бошқа санъат асарларини кўриб, кўзингиз қувнайди.
Уларнинг ҳеч қандай технологияларсиз, тўлиқ қўл меҳнати билан, боз устига имконияти чекланган инсонлар томонидан кунларни тунларга улаб тайёрланганини билсангиз, бу санъат асарларининг қиймати не чоғлик баланд эканини англайсиз.

Шу боис ҳам Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан 3 декабрь —Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ташкил этилган “Ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазма-савдо”га олиб келинган барча буюмлар бир зумда талаш-талаш бўлиб кетди.
Тадбирда вилоятдаги турли давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ўзлари истаган маҳсулотларни харид қилишди.

— Кўриш имкониятим чекланган бўлса-да, бу турли бижутерия маҳсулотлари ясашимга тўсқинлик қила олмайди, — дейди Қарши шаҳрида яшовчи Эъзоза Нурматова. — Ҳозирги кунда ихтисослаштирилган мактабда таълим олаяпман. Шу билан бирга бижутерия маҳсулотлари ясашни ҳам ўрганганман. Бугунги кўргазма-савдога ҳам ўзим ясаган энг сара буюмларни олиб келгандим. Уларнинг барчасини иштирокчилар сотиб олишди. Ясаган буюмларим бошқаларга манзур бўлганидан жуда мамнунман.
Вилоятда сана муносабати билан меҳр-саховат тадбирлари давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг