Қашқадарёлик 115 ёшли жангчи ҳавода парвоз қилди

10:54 13 Май 2025 Жамият
152 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 3 нафар фахрий умр кечирмоқда. Уларнинг энг ёши улуғи — Қамаши тумани Манғит маҳалласининг 115 ёшли фахрийси Рўзибой бобо Сатторовдир.

Уруш бошланган пайтда Рўзибой бобо 31 ёшдаги бақувват йигит эди. Фронтга урушнинг илк кунларидаёқ жўнаб, «Волга» дарёсининг бўйида жойлашган шаҳарлардан бирини ҳимоя қилиш учун жангга кирди. Ғалабагача бўлган мураккаб йўлни босиб ўтиб, Берлингача борди. Жанглар тугагач ҳам, урушдан вайрон бўлган ҳудудларда халқ хўжалигини тиклаш ишларида фаол иштирок этди ва 1946 йилда ўз қишлоғига қайтди.

Тинчлик йилларида турли соҳаларда ҳалол меҳнат қилиб, халқ орасида обрў-эътибор топган Рўзибой бобо бугунги кунда фарзандлари, невара ва чеваралари бағрида тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокими бошчилигидаги масъуллар фахрий бобонинг хонадонга ташриф буюриб, Президентимизнинг табриги, пул мукофотлари ва эсдалик совғаларини топширишди.

Суҳбат асносида Рўзибой бобо узоқ йиллардан буён қалбида сақлаб келаётган орзусини изҳор этди — у самолётда парвоз қилишни орзу қилган экан. Бу эзгу тилак зудлик билан амалга оширилди: Президентимиз топшириғига биноан, Рўзибой бобо махсус ҳарбий самолётда осмонга парвоз қилди.

Қувонарлиси, у 115 ёшида самолётда парвоз қилган энг кекса йўловчи сифатида Гиннеснинг «Рекордлар» китобига киритилиши мумкин. Бу бўйича тегишли комиссиянинг расмий хулосаси кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер