Қашқадарёда психотроп моддалар савдогарлари қўлга тушди
Қашқадарё вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг савдоси фош этилди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шаҳрисабз тумани бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Унда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган «К.П.« МЧЖ масъул шахслари Шаҳрисабз шаҳридаги «Янги Кеш« бозори ҳудудида жойлашган дорихонада инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи дори воситаларини савдога қўйганликлари аниқланиб, дорихонадан 100 дона «Бензонал» номли ва бошқа умумий баҳоси 26,8 млн сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Шу каби каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Нишон тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.
Унга кўра, «К.Й.« хусусий корхонасининг «Байналминал« МФЙ ҳудудидаги дорихона сотувчиси Ю.К. фуқаро Б.Х.га 110 дона «Бензонал» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини рецептсиз сотганлиги аниқланиб, ушбу дори воситаси ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) ва 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг