Қашқадарёда «Наврўз сайли» фестивали бўлиб ўтмоқда
Наврўз байрамининг замирида халқимизнинг улкан тарихи, соф миллий қадриятлари, урф-одатлари, маросимлари, удум ва анъаналари мужассам.
Миришкор туманида ташкил этилган «Наврўз сайли» фестивалида ҳам ана шу эзгу қадриятлар ўз ифодасини топди.
Фестивалда ҳудуддаги маҳаллалар, миллий маданият марказлари, фольклор-этнографик дасталари, ҳунармандлар, касб-ҳунар, ижод мактаблари, спорт муассасалари ўзларининг миллий удум ва анъаналари, миллий либослари, таомлари, ёшларнинг ижод ва спортда қўлга киритаётган ютуқлари кўргазмасини ташкил этишди.

Айниқса, пойтахтдан келган таниқли ижодкорлар, санъаткорларнинг чиқишлари барчага хуш кайфият, шодонлик улашди.
— «Наврўз сайли» фестивали икки кун давомида вилоятнинг ўнга яқин шаҳару қишлоқларида бўлиб ўтиши белгиланган, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими бош мутахассиси Латиф Қамбаров. — Бу аҳолининг маданий ҳордиқ олишини таъминлаш, Наврўзи оламнинг инсонпарварлик моҳияти, унинг бағрикенглик, саховат ва меҳр-оқибат каби азалий қадриятларини кенг тарғиб этишда муҳим омил бўлмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг