Қашқадарёда мустақиллик айёми тантана қилинмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида жойлашган амфитеатрда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилган тантанали тадбирни Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов кириш сўзи билан очиб, барчани Мустақиллик байрами билан қутлади. Жорий йилда вилоятда турли соҳаларда амалга оширилган ишлар ва ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида сўз юритди.

— Вилоятда 2023-2024 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллардан ортиқ бўлган 500 га яқин саноат ва бошқа йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда, — деди Муротжон Азимов. — Вилоятнинг экспорт салоҳияти ўтган беш йил ичида 6 баробарга, ҳудудий экспорт кўрсаткичи 10 баробарга ошди. Албатта, иқтисодиётда эришилаётган бундай ютуқлар аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳақиқатда вилоятда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш дастурига асосан вилоятда қиймати 530 миллиард сўмлик 687 та объект фойдаланишга топширилгани, шунингдек, 2,5 триллион сўм маблағ эвазига 1700 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда Қашқадарё вилоятида ижтимоий соҳа объектларини қуриш, таъмирлаш бўйича олиб борилиб, айни вақтда 99 та мактабда 276 миллиард сўмлик, 35 та мактабгача таълим муассасасида 158 млрд. сўмлик, шунингдек,10 дан ортиқ маданият ва спорт объектларида 14 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Мустақиллик йилларида эришилган натижалар, кейинги йилларда турли соҳаларда юз бераётган ҳаётбахш ўзгаришлар байрам дастурида ҳам ўз ифодасини топди. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги дилбар наволар барчага хуш кайфият, шодонлик улашди.
Воҳанинг барча ҳудудларида мустақиллик байрами давом этмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг