Қашқадарёда маст ҳайдовчи ЙҲХ инспекторини пичоқлаб ўлдирди
Фото: Kun.uz
Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида хизмат вазифасини бажараётган ЙҲХБ катта инспектори маст ҳайдовчи томонидан пичоқланди. Бу ҳақда вилоят Прокуратураси хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 8 июль куни соат 19:00 ларда Кўкдала туман ИИБ ЖХХ ЙҲХБ катта инспектори Э.П томонидан ҳайдовчи С.Б. бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, текширилганда фуқаро С.Б. ходимнинг қонуний талабларга бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатиб, катта инспектор Э.П.нинг қорин соҳасига ўткир тиғли жисм билан тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан катта инспектор Э.П. Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида вафот этган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар беришича, ҳолат юзасидан бугун, 9 июль куни туман Прокуратураси томонидан Б.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми ва 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Қўшимча қилинишича, жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Кўкдала туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг