Қашқадарёда халқаро зиёрат ва туризм фестивали ўтказилди
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилоятида нақшбандия тариқатининг буюк уламолари мангу қўним топган муқаддас масканлар, зиёратгоҳлар бўйлаб “Нақшбандия” зиёрат ва туризм фестивали ўтказилди.
Икки кун давом этган фестивалда Малайзия, Индонезия, Сингапур, Ҳиндистон, Бруней, Туркия ва бошқа давлатлардан келган 160 нафарга яқин дин пешволари, олиму уламолар иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Китоб туманининг сўлим манзилларидан бири — Хўжаиспароз қишлоғида жойлашган Оқсув зиёратгоҳида бўлишди. Шундан сўнг туманнинг Хўжаилмкони қишлоғида яшаб ўтган улуғ шайх, тасаввуф тариқатининг беназир намояндаси, қутублар қутуби Мавлоно Абдулбоқи Хожагий Имканагий ибн Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Ваҳшуворий мақбарасини зиёрат қилишди. Иштирокчиларга ушбу зиёратгоҳлар ҳамда бу ерда мангу қўним топган шайхлар, уламолар, уларнинг ислом дини ривожи йўлида амалга оширган ишлари ҳақида кенг маълумот берилди.
— Мавлоно Хожагий Имканагий нақшбандия силсиласининг 22-вакили бўлиб, нақшбандия тариқатининг Имкана мактабига асос солган, — дейди “Хўжа Имканагий” зиёратгоҳи раҳбари Лочин Жалилов. — У кишининг даврида мана шу ерда диний, дунёвий илмлардан дарс бериладиган 400 ўринли мадраса ташкил этилган. Бу илм даргоҳидан кўплаб олимлар, диний уламолар етишиб чиққан.

Фестиваль иштирокчилари Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган бир қатор зиёратгоҳларда ҳам бўлишди. Амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг