Қашқадарёда энг фаол директор ўринбосарлари тақдирланди
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан вилоятдаги умумтаълим мактаблари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ўртасида “Энг фаол маънавиятчи” танлови ўтказилди.
Маънавиятчилар фаолиятини янада ривожлантириш, ҳар томонлама намуна кўрсатаётган ходимларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танлов икки босқичда энг яхшиларни саралади.
Биринчи босқичда ҳар бир туман ва шаҳардан муносиблар аниқланди. Бунда улар фаолият олиб бораётган таълим муассасасида эришилган ютуқлар, юқори натижалар, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари, маънавий муҳит ҳолати каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.

Танловнинг вилоят босқичида ҳар бир туман ва шаҳардан сараланган бир нафардан иштирокчи ёшлар маънавиятини юксалтириш бўйича тақдимотларини намойиш этишади. Тақдимот матн, сурат ва видеоролик шаклида бўлиб, асосийси, унда аниқ амалий таклифлар, ўзига хос ижодий ёндашувлар, ҳаётда татбиқ этиш имконияти бўлишига асосий эътибор қаратилди.
Якуний натижаларга кўра, Деҳқонобод туманидаги 70-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Эшниёз Махсумов 1-ўринни эгаллади. Яккабоғ туманидаги 97-мактаб директори ўринбосари Дилдора Арипова 2- ва Нишон туманидаги 6-мактаб директори ўринбосари Отабек Якубов 3-ўринни эгаллашди. Биринчи ўрин соҳиби – 3 миллион сўм, 2-ўрин – 2 миллион сўм ҳамда 3-ўрин – 1 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Бир нечта номинациялар бўйича иштирокчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг