Қашқадарёда ДХХ кубоги ғолиб жамоалари номи аниқланди

18:04 02 Август 2023 Жамият
871 0

Фото: “Халқ сўзи”

Спортнинг футбол ва мини футбол турлари бўйича 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати кубоги мусобақаларининг Қашқадарё вилоят босқичи якунланди.

Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида ўтказилган ҳал қилувчи учрашувлар байрамона руҳда ташкил этилиб, унда таниқли санъаткорлар ижросидаги шоу дастурлар намойиш этилди. Бир-биридан қизиқарли кечган футбол баҳслари эса мухлисларда катта таассурот қолдирди.

Фото: “Халқ сўзи”

Дастлаб катта футбол бўйича финалга қадар йўлни муваффақиятли босиб ўтган Шаҳрисабз шаҳрининг “Янги ҳаёт” ҳамда Касби туманининг “Қоратепа” жамоалари вилоят босқичи ғолиби номига аниқлик киритиб олиш учун майдонга тушишди. Шиддатли кечган баҳс якунига кўра, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган шаҳрисабзлик ёшлар вилоят кубогини қўлга киритишди.

Мини футбол баҳслари ҳам ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Қамаши туманининг "Самарқанд" жамоаси Муборак туманининг "Бўстон" жамоасини 7:2 ҳисобида мағлуб этиб, қаторасига учинчи бор мусобақанинг вилоят босқичи ғолиби бўлди.

Фото: “Халқ сўзи”

Эътиборлиси, мусобақада бу йил илк бор қизлар ўртасида ҳам мини-футбол бўйича баҳслар ўтказилди. Унда Шаҳрисабз шаҳрининг 2-сектор шарафини ҳамда Чироқчи туманининг 1-сектор шарафини ҳимоя қилаётган жамоалар вилоят босқичи финалига чиқишган эди. Финалда эса шаҳрисабзлик қизларнинг қўли баланд келди – 2:0.

Энди ҳар учала йўналиш бўйича ғолиб жамоалар мусобақанинг республика босқичида Қашқадарё вилояти шарафини ҳимоя қилишади.

Фото: “Халқ сўзи”

Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер