Қашқадарёда 4 мингдан ортиқ болалар ёзги оромгоҳларнинг биринчи босқичига жўнатилди

15:54 11 Июнь 2024 Жамият
276 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё вилоятининг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларида жойлашган 16 та стационар болалар оромгоҳида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 22 минг нафар болани дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган.

Вилоятда мавсумнинг биринчи навбати 5 июндан бошланиб, шу вақтга қадар 4500 нафарга яқин болажонлар ёзги оромгоҳларга жўнатилди.

Китоб туманининг Қайнар қишлоғида жойлашган «Ёш алангачи» оромгоҳи ҳам мавсумнинг биринчи босқичида 396 нафар болани ўз бағрига чорлади.

— Болажонларнинг мавсумни мароқли ўтказиши учун оромгоҳда барча шарт-шароитлар яратилган, — дейди «Ёш алангачи» болалар оромгоҳи директори Бекмурод Кўчаров. — Шу билан бир қаторда, масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда турли кўнгилочар, интеллектуал ёки маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб борилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда оромгоҳда ҳордиқ чиқараётган болажонлар кўплаб таниқли ижодкорлар билан учрашиб, уларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлишди.

Шунингдек, моҳир ҳунармандлар иштирокида «Маҳорат дарслари», «Она табиатни асранг» мавзусида расмлар танлови ўтказилди. Ушбу тадбирларда фаол иштирок этган болажонларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер