Қашқадарёда 24 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга янги хонадонлар топширилди
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қарши шаҳрида тураржойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 24 нафар йигит-қизга янги хонадонлар калити топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги тегишли қарорига асосан, Қашқадарё вилоятида ҳам етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, шу кунга қадар вилоятда юзга яқин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган уйга муҳтож ёшларнинг рўйхати шакллантирилиб, белгиланган тартибда уй билан таъминланган эди.

Бу гал эса уларнинг сони яна 24 нафарга ортди.
Косонлик Ҳасан Жомирзаев ҳам тақдир тақозоси ила ота-онасидан эрта айрилган эди. У синглиси ва укаси билан бирга қариндошлари қўлида катта бўлди. Давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор натижасида, Ҳасан ва укалари ҳаётда ўз ўрнини топиб бормоқда.

— Ўтган йили Президентимиз томонидан ажратилган алоҳида имтиёз билан мен юртимиздаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Тошкент давлат юридик университетига, синглим Зуҳра эса Қарши давлат университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндик, — дейди Ҳасан Жомирзаев. — Стипендия оламиз, ётоқхонада бепул турамиз. Мана энди менга туманимиздаги Янги Ўзбекистон массивида қурилган замонавий уйлардан икки хонали квартира берилди. Энди фақат яхши ўқиб, ўз соҳамнинг етук мутахассиси бўлишга ва ва бизга шу даражада ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизнинг ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг