Қашқадарё вилояти тўқимачилик соҳасини ривожлантириш масалалари Германия экспертлари иштирокида муҳокама қилинди
Қарши шаҳрида Германиянинг Ўзбекистон билан саноат ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича вакили Сильвия Юнгбауэр ҳамда халқаро эксперт Свен Эрискат иштирокида Қашқадарё вилояти тўқимачилик соҳасининг бугунги ҳолати, тараққиёт суръатлари ва истиқболларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда хорижлик меҳмонлар вилоятда ип-калава, тўқимачилик ҳамда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш салоҳияти, мавжуд имкониятлар ва экспорт йўналишлари билан яқиндан танишдилар.
— Германия ва Ўзбекистон тўқимачилик ҳамда тикув-трикотаж корхоналари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳани изчил амалга ошириб келяпмиз, — дейди Сильвия Юнгбауэр. — Лойиҳа доирасида маҳаллий тадбиркорларга Европа стандартларига мос маҳсулотлар тайёрлаш, зарур сертификатларни олишда амалий ёрдам кўрсатиш вазифалари белгиланган. Дастлабки пилот ҳудуд сифатида Фарғона водийси танланган эди, навбатдаги тажриба ҳудуди эса Қашқадарё вилояти бўлди.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятида 20 та тўқимачилик корхонаси фаолият юритмоқда. 2025 йил якунига кўра, ушбу корхоналар томонидан 250 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар Россия, Хитой, Покистон, Италия ва Туркия каби давлатларга экспорт қилинган. 2026 йилда эса экспорт ҳажмини янада ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
— Тўқимачилик соҳаси вилоят саноатининг энг истиқболли тармоқларидан бири ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Самаров. — Соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларни халқаро стандартларга мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтириш, сертификатлаш жараёнларида яқиндан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган. Бугунги мулоқот тадбиркорлар учун Европа бозорларига чиқиш, илғор талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида муҳим амалий маълумотлар берди. Бу йўналишдаги ҳамкорлик келгусида ҳам давом эттирилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг