Қашқадарё ва Андижонда психотроп моддалар савдоси тўхтатиб қолинди
Қашқадарё ва Андижон вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши шаҳри бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро З.Қ. 2 та елим пакетга солинган сариқ ва қизил рангли 29 дона капсула ҳамда 60 дона «Габатен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини фуқарога 500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Улуғнор туман бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.
Унга кўра, фуқаро Ж.А. фуқаро М.Х.га хорижда ишлаб чиқарилган 4 дона «Регапен» ҳамда 1 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 670 минг сўмга сотган вақтида ушланган. Дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг