Қарз эвазига сув ичаётганлар
Фото: Халқ сўзи
Республикамизда, хусусан, Андижон вилоятида тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш ишлари кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш эса бир жиҳатдан истеъмолчилар томонидан тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишига ҳам узвий боғлиқ. Афсуски, бу борада ижобий фикр билдиришдан йироқмиз. Сабаби, вилоятда истеъмолчиларнинг ичимлик сувидан бўлган қарздорлиги бугунга келиб 53 млрд. 445 млн. сўмга етди. «Андижон сув таъминоти» МЧЖ томонидан аҳолига бир ойда 7,5 млрд сўм миқдорида хизмат кўрсатилаётгани ҳолда истеъмолчиларнинг бир ойлик тўлови 6 млрд. сўмни ташкил этаётгани ачинарли, албатта.
«Андижон сув таъминоти»да юзага келган бу муаммонинг ижобий ечимини таъминлаш, аҳоли ўртасида тоза ичимлик сувидан ўринли ва мақсадли фойдаланиш, тўлов маданиятини шакллантириш мақсадида 10 та ишчи гуруҳи ташкиллаштирилди. Ҳозирда гуруҳ вакиллари Андижон шаҳридаги корхона ва ташкилотларда бўлиб, хатловни амалга ошириш, қарздорликни сўндириш ва бу борада тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
— Андижон шаҳридаги мавжуд юридик шахслар фаолиятини ўрганиш давомида гувоҳи бўлдикки, корхона-ташкилотларнинг фойдаланилган тоза ичимлик суви учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганликлари боис дебитор қарздорликлари 1 млрд. сўмдан ошган, — дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ раҳбари ўринбосари Дилшодбек Қўлдошев. -Шу кунгача 10 та гуруҳ томонидан 761 та корхона-ташкилотда ўрганиш олиб борилиб, 9 та ҳолатда сув қувурига ноқонуний уланиш, 31 та ҳолатда ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Натижада 28 та ташкилот тармоқдан узиб қўйилган бўлса, 123 тасига тўловларни амалга ошириши юзасидан огоҳлантириш берилди. Истеъмолчилик мажбуриятига амал қилган 22 та ташкилот масъуллари томонидан 67 млн. сўмлик тўлов амалга оширилишига эришилди.
Бу каби салбий ҳолатлар аҳоли ўртасида ҳам кузатилмоқда. Биргина мисол. Андижон туманидаги «Ўрикзор» МФЙда 11 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Истеъмолчиларга ўз вақтида ичимлик сувини етказиб бериш учун «Андижон сув таъминоти» МЧЖ томонидан бир ойда айнан шу маҳалланинг ўзига 20 млн. сўмлик маблағ сарфлангани ҳолда аҳолининг ойлик тўлови ошса ошяптики, камайгани йўқ. Бошқача айтганда, ўрикзорликлар сувни қарз ҳисобига ичмоқдалар. Натижада уларнинг қарздорлиги жами 213 млн. сўмга етди.
— Шукр қилиш керак, — дейди шу маҳаллада яшовчи Шукурилло Раҳмонов. — Маҳалламиз юз фоиз сувлашган. Оқар сув бўлмагани боис томорқани ҳам ичимлик сувида суғорадиган қўшниларимиз бор. Бир кун сув насоси куйиб қолиб, таъминотда узилиш юзага келганди, айрим маҳалладошларимиз ижтимоий тармоқларга мурожаат қилиб, гўёки сувсизликдан қийналаётгандек ваҳима кўтаришди. Ваҳоланки, бу пайтда махсус сув ташувчи транспорт воситаларида ҳар бир хонадонга ичимлик суви тарқатилганди. Тўлов масаласига келганида эса ҳеч кимни уйидан топиб бўлмайди. Ҳамманинг дарвозаси қулфланган бўлади. Қачонгача шу аҳволда юрмоқчимиз? Бу билан қарздан қутулиб бўлмайдику?.. Сув таъминотчиларига раҳмат, маҳалланинг шунча қарзи бор экан, демай, сув етказиб беришда давом этяпти. Аслида таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартномада қарздорлик ҳолати юзага келганида истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилиши уқтириб ўтилган. Шунинг учун ҳам мен маҳалладошларимни инсофга чақираман.
Хулоса ўрнида ўрнида айтиш мумкинки, таъминотчи бор имкониятни ишга солиб бўлсада, сифатли хизмат кўрсатишда давом этаётган бир пайтда истеъмолчи ўз мажбуриятини нега бажаришдан қочади? Дунёда ўз халқига тоза ичимлик суви етказиб бера олмаётган давлатлар қанча?!
Саволлар кўп. Жавобни эса суҳбатдошимиз Шукурилло Раҳмонов урғу берганидек, истеъмолчилар ИНСОФидан изламоқ керакдир балки.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг