Қарши туманидаги барча ташкилотларнинг ўз боғи бўлади
Фото: “Халқ сўзи”
Қарши туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуддаги барча ташкилотлар, ижтимоий соҳа объектлари ва маҳаллаларда “Корхона ва ташкилот, маҳалла боғлари” ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунга кўра, иш аввало “Ҳокимлик боғи”дан бошланди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, боғга 4 дона дуп, 8 дона каштан, 32 дона мажнунтут, 11 дона кўк сарв ва 24 дона ихчам туя каби манзарали дарахтлар ландшафт дизайни асосида экилди. Шунингдек, тумандаги 60 та ташкилот ҳамда 58 та маҳалланинг ҳар бирида ўз боғлари ташкил этилиб, уларга айни вақтга қадар умумий ҳисобда 60 минг донадан ортиқ дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Хусусан, тумандаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактабида катта ҳашар уюштирилиб, “Мактаб боғи”га 1310 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Президентимиз 24-25 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида мазкур мактабни ҳам бориб кўрган ва муассаса ҳудудини ободонлаштириш ишларига эътибор қаратилиши кераклиги ҳақида тўхталиб ўтган эди.

Маълумоти ўрнида: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг бу йилги кузги дарахт экиш мавсуми давомида Қашқадарё вилоятида 6 миллион 942 минг дона кўчат экилиши режа қилинган эди. Шунинг қарийб 500 минг тупи Қарши туманида экилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг