Қарши туманида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган макарон ишлаб чиқариш цехи очилди
Фото: “Халқ сўзи”
Маълумки, Европа Иттифоқи дунёнинг кўплаб ҳудудларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашишини таъминлашга қаратилган қатор инновацион лойиҳаларни молиялаштириб келмоқда.

Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ҳам Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорлигидаги “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб-қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш (EU-AGRIN)“ лойиҳаси доирасида умумий миқдори 1,3 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 3 та грантини қўлга киритган эди.

— Бу учала лойиҳа ҳам мамлакатимиз аграр тармоғи учун муҳим аҳамиятга эга, — дейди Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти илмий ходими Ғуломжон Узоқов. — Мисол учун, бугунги кунда бизда етиштирилган маҳаллий буғдой навларидан макарон ишлаб чиқаришда фойдаланиб бўлмайди. Шу боис, макарон саноати учун хомашёни хориждан импорт қиламиз. Институтимиз томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалардан бири эса айнан макарон саноати учун мос бўлган қаттиқ буғдойнинг “Насаф” ва “Зилол” навларини мамлакатимиз иқлим шароитига мослаштирган ҳолда етиштириш ва олинган ҳосилни шу ернинг ўзида чуқур қайта ишлашни йўлга қўйишгача бўлган жараёнларни қамраб олади.
Шунингдек, институт томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг яна бири пистанинг юқори ҳосилдор навларини in vitro шароитида микроклонал кўпайтириш технологиясини жорий этишга қаратилган бўлса, учинчи лойиҳа сув билан кам таъминланган, қурғоқчил минтақалар учун баҳорги буғдойни инновацион жорий қилиш ва уруғчилигини ташкил этишдан иборат.

Европа Иттифоқи делегацияси ва БМТ тараққиёт дастури вакиллари Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб, ушбу лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида Қарши туманининг Қовчин қишлоғида қуриб битказилган, кунига бир тонна макарон ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги цехнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг