Қарши шаҳрида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси очилди
Фото: “Халқ сўзи”
Қарши шаҳрида “Нефть ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё ва чарм-пойабзал саноати” ҳудудий тармоқлараро ярмаркаси очилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 майдаги тегишли қарорига асосан ташкил этилган ярмаркада нефть ва газ саноати, электр-энергетикаси, кимё саноати, чарм-пойабзал, тўқимачилик, электротехника ва фармацевтика саноати корхоналари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Шу билан бир қаторда, вилоятда фаолият юритаётган корхоналар ҳам истеъмолчиларга янги маҳсулотларини намойиш этишмоқда ва ишлаб чиқариш истиқболлари ҳақида батафсил маълумотлар беришмоқда. Мисол учун, Қарши шаҳридаги “UzShoes“ МЧЖ қўшма корхонаси беларуслик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 500 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватини ишга туширган.

— Айни вақтда корхонамизда Германия, Италия ва Австрия давлатларининг технологиялари асосида турли ўлчам ва дизайндаги пойабзаллар тайёрланмоқда, дейди қўшма корхона раҳбари Дилшод Муфтиллаев. – Ярмаркада ўз маҳсулотларимизни намойиш этяпмиз. Бу каби тадбирлар бизнинг бошқа корхоналар билан ўзаро тажриба алмашиш, янги ҳамкорлар топишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Муратжон Азимов сўзга чиқиб, ярмарканинг саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишдаги аҳамиятлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Ярмарка эртага ҳам давом этади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг