Қарши шаҳрида энди 200 нафар талаба ижарага уй излаб юрмайди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 майдаги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида фаолияти йўлга қўйилган олий ўқув юрти учун ажратилган талабалар турар жойи бугунги кун талабига жавоб бермас эди.
Шу боис институтнинг кундузги бўлимида таҳсил олаётган 1 минг 340 нафар талабалари учун турар жой муаммоси юзага келган бўлиб, баъзи йигит-қизлар анчайин қиммат “квартира”ларда яшашга мажбур эди. Яқинда филиалга қарашли 1-талабалар турар жойи капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилиши илмга чанқоқ 200 нафар талабани “квартира” излаб юриш азобидан халос қилди.
7 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, замонавий кўринишга келтирилган талабалар турар жойининг том қисми, эшик-ромлари, коммунал тизими тўлиқ янгиланиб, зарур замонавий маиший жиҳозлар ўрнатилди.
Институтда талабаларнинг замон талаблари асосида билим олиши ва қулай шароитда яшаб, ўз устида изланишлари учун барча шароитни яратиш ишлари давом этмоқда.
Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг