Қарийб 30 млрд сўмлик 6 та фундаментал лойиҳа молиялаштирилди

15:16 10 Март 2021 Иқтисодиёт
1266 0

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг навбатидаги Ҳайъати йиғилишида 2021-2025 йилларда амалга ошириладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурларига киритиладиган фундаментал лойиҳалар танловлари ғолибларини молиялаштириш масаласи кўрилди. Ҳайъат қарорига кўра 6 та лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди. Фундаментал лойиҳалар танлови шартларига кўра, лойиҳаларни бажаришда нуфузли хорижий университетларининг олимларини жалб этиш талаб этилади. Лойиҳаларнинг хорижлик ҳамраҳбарлари Ҳайъатда видео-конференц алоқа орқали иштирок этдилар. Лойиҳа раҳбарлари Ҳайъат раиси – инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Ҳайъатнинг бошқа аъзоларининг саволларига жавоб бериб, ўз лойиҳаларини ҳимоя қилдилар. Йиғилишда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Биофизика ва биокимё институтидан биология фанлари доктори, академик Талъат Саатов 2-тур қандли диабет беморларда спорадик нейродегенератив касалликларнинг пайдо бўлиш механизмларини ўрганиш ва уларни расолаш усулларини излаш қаратилган лойиҳанинг ҳаммуаллифи Канаданинг Монтреал университети катта илмий ходими Шривастава Ашок Кумардир. Мазкур тадқиқот натижаларига кўра иккинчи тип қандли диабет билан оғриган беморларда Алсгеймер ва Паркинсон ҳасталикларининг спорадик шаклини эрта ташхиси ва профилактикасига доир услубий қўлланма ишлаб чиқилади. Ўзбекистон биринчи маротаба инсулин рецептори, инсулин сигнал йўли (инсулин сигналинг) ўрганилади. Канада, Монтреал университети ходимлари билан ҳамкорлик туфайли Ўзбекистонда биокимёнинг янги йўналишига ва шу соҳада янги илмий мактабга асос солинади.

«Юрак ва силлиқ мускул ҳужайралари Са2+-гомеостазини ўсимлик биологик фаол бирикмалари билан модуляция қилиш механизмлари» лойиҳаси Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Биофизика ва биокимё институтининг профессори биология фанлари доктори Пўлат Усмонов ҳамда Россия Фанлар Академияси Ҳужайра биофизикаси институти Ҳужайра сигнализацияси лабораториясини мудири, биология фанлари доктори, профессор Валерий Зинченко ҳамраҳбарлигида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида Ҳужайра физиологиясининг энг фундаментал ва муҳим ҳусусияти – юрак ва силлиқ мускул ҳужайралари Cа2+ -гомеостазини биологик фаол моддалар билан регуляция механизмлари аниқланади. Бунда юрак ва силлиқ мускул ҳужайралари Са2+- ва K+-каналлар, Na+/Ca2+-алмашинув функцияларини модификацияси орқали юрак ва қон-томир функционал фаоллигини бошқарилиши ҳақида янги маълумотлар олинади. Россия Фанлар Академияси Ҳужайра биофизикаси институти ходимлари билан ҳамкорлик Ўзбекистонда биофизиканинг янги йўналишилари ривожланишига ва шу соҳада янги илмий мактаб яратилишига асос бўлади.

Ўзбекистон Миллий университети катта илмий ходими, биология фанлари доктори Марина Санамян ва Россия Фанлари Академиясининг Сибир бўлими ҳузуридаги Цитология ва Генетика институти етакчи илмий ходими Олга Силкова «Ғўзанинг Gossypium barbadense дан Gossypium hirsutum га хромосомаси алмашинуви асосида янги қимматли-ҳўжалик белгиларига эга линиялар яратиш» лойиҳаси устида тадфиотларга раҳбарлик қиладилар. Мазкур тадқиқот натижасида ғўзанинг янги (2, 4, 6, 7 ва 18) бўйича хромосомаси-алмашган линиялари олинади, бундай линия аналоги АҚШда ҳам мавжуд эмас. Назарий ва амалий жиҳатдан ғўзада хромосомаси-алмашган линияларни олиш босқичлари муккамаллаштилади, олинган линияларни цитогенетик ва молекуляр-генетик жиҳатдан таҳлил қилинади.

«Метаболом ва геном профиль қонуниятларини фудомиксга йўналтирилган озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш ва аҳоли саломатлигини мухофаза қилишга ёндашувнинг асосий индикаторлари сифатида ўрганиш» лойиҳаси Илғор технологиялар маркази катта илмий ходими биология фанлари номзоди Дилбар Далимова Копенгаген университетида профессор вазифасини бажарувчи фалсафа фанлари доктори Беҳзод Ҳакимов бошчилигида бажарилади. Ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга оширилиши натижасида Ўзбекистонда юқори сезгирликка эга аналитик методлар ва ускуналар, шунингдек замонавий ҳисоблаш алгоритмларидан фойдаланиш ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсизлигида хавф омилларини комплекс таҳлил қилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини молекуляр таркибини ўрганиш ва уларнинг саломатликка, аҳоли ўртасида касалликларни келиб чиқиши ва ривожланишига таъсир қилишини ўрганиш учун фудомикс-платформа яратилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини молекуляр таҳлил натижалари ва метаболитларни хилма-хиллигини ўрганиш истеъмол қилишда хавф омилларини аниқлаш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини сифат назоратини замонавий стандартларини жорий қилишга имкон беради. Илмий изланишлар давомида олинган катта миқдордаги маълумотлар янги комплекс фан – фудомиксни шакллантиришга имкон беради, аҳолининг мақсадли гуруҳларининг парҳез одатларига асосланган овқатланишни баҳолашнинг миллий тизими (NDSS) ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Биофизика ва биокимё институтидан биология фанлари доктори, академик Равшан Сабиров ҳамда Нью-Йорк штати университети, катта илмий ходими Абдуқодир Тўйчиев «Ҳужайра ҳажм бошқарилиш тизимининг нормал ва рак ҳужайралари пролиферацияси ҳамда ўлимидаги роли ва унинг фармакологияси» мавзусида тадқиқот ўтказадилар. Ҳужайра физиологиясининг энг фундаментал хусусияти – ҳажм бошқарилиш тизимининг ҳужайра пролиферацияси ва ўлимидаги роли нормал лимфоцитларда ҳамда гистолитик лимфомадан олинган U937 ҳужайраларида аниқланади. Ҳажмга боғлиқ ион каналларининг биофизик фармакологияси ривожлантирилади. Ню-Ёрк штати университети ходимлари билан ҳамкорлик Ўзбекистонда биофизиканинг янги йўналишига ва шу соҳада янги илмий мактабга асос бўлади.

«Репродуктив йўқотишларнинг халқлараро умумгеном ассоциатив (GWAS) тадқиқоти» Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Биофизика ва биокимё институтидан биология фанлари доктори Пётр Мерзляк ҳамда Буюк Британиянинг Суррея университети бўлим бошлиғи профессор Инга Прокопенко раҳбарлигида амалга оширилади. Кўп маратоба ҳомилани тутиб тура олмаган 1000 нафар аёллар ва 4000 нафар клиник соғлом ҳомиладорлик ва туғруқ жараёни нормал кечган аёлларда таргетли генотиплашни ўтказилгандан сўнг ҳомила тушишига статистик ассоцирланган локуслар, полиморфизмлар аниқланади. Ҳомилани тутиб туролмасликнинг биокимёвий механизмларини аниқланади. Терапевтик препаратлар таъсирига сезувчанликни аниқлаш мақсадида турли хил тўқималарда препаратлар метаболизмида қатнашувчи ген экспрессияси ўрганилади ва ассоцирланган генлар танлаб олинади. Токсикоз, ҳомилани тутиб тура олмаслик ҳамда чақалоқнинг ўлик туғилиши ўртасидаги ассоциациясини мультифенотипик таҳлили ўтказилади. Ўзбекистон аҳолисида ҳомилани тутиб тура олмаслик билан ассоциацияланган полиморфизмлар референс панели яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер