Қанийди бирорта оилага ҳам дарз етмаса — Гулноз Жалилова

15:01 06 Ноябрь 2023 Жамият
271 0

Фото: “Халқ сўзи”

Оила мураккаб хилқат. Жамиятнинг ушбу энг қўйи бўғинида зиддиятлар барча давр ва барча мамлакатларда учраб туради. Қолаверса, у билан боғлиқ муаммоларни ечишнинг ягона йўли ҳам мавжуд эмас. Бироқ оиланинг бузилишига йўл қўймаган ҳар қандай тадбир эътиборга молик.

Навоий вилоятининг Кармана туманида ҳар ҳафтанинг жумаси “Оилавий ажримларни олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш куни” этиб белгиланган. Шу куни туман Оила ва хотин-қизлар бўлими фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди, маҳалла фаоллари ҳамда отинойилар ва бой ҳаётий тажрибага эга нуронийлар иштирокида низоли, ажрим ёқасидаги оилалар билан суҳбат ва якка тартибдаги муҳокамалар ўтказилади.

— Бу каби тадбирларда энг аввало оиладаги ижтимоий муҳит, низоли ҳолатнинг омилларига эътибор қаратиб, уларни бартараф этиш масаласида бир қарорга келамиз, – дейди туман Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулноз Жалилова. — Ҳар бирида оиладаги муҳитдан келиб чиқиб, алоҳида тавсиялар ва маслаҳатлар бериб, никоҳни сақлаб қолиш чораларини белгилаймиз. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, аксарият ҳолатларда оилавий низолар оилавий масалаларга учинчи шахснинг аралашуви, қуда томонларнинг “мен сендан камманми?» қабилида иш тутиши, рўзғордаги молиявий қийинчиликлар туфайли келиб чиқади. Йил бошидан буён ўтказилган тадбирлар самарасига тўхталсак, муҳокама туфайли низоли оилаларнинг 25 фоизга яқинини яраштиришга эришдик. Бу жуда кам Қанийди, бирорта оилага ҳам дарз етмаса.

“Оилавий ажримларни олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш куни”нинг навбатдаги тадбири туманнинг Мирсаид Баҳром МФЙда ўтказилди.

Муҳокамаларга 11та ажрим ёқасидаги низоли оилаларнинг аъзолари таклиф этилиб, шу ернинг ўзида 4 та оиланинг яраштирилишига эришилди. Тадбир давомида оилаларга “Фарзанд омонат” фильми намойиш этилди.

Чинданам оила муқаддас даргоҳ. Ўтказилаётган ушбу тадбир туфайли лоақал биттагина оила мустаҳкамланса, қолганлари ундан ибрат олади. Ана шунда тадбирларнинг ижобий самараси сезилади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер