Қамчиқдаги ҳолат бартараф этилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Кейинги кунларда ёғингарчиликнинг муттасил давом этаётгани Фарғона водийсини Тошкент вилояти билан боғловчи Қамчиқ довонидаги А-373-автомобиль йўлида ҳам бир қатор ноқулайликларни юзага келтирмоқда.

Жумладан, бугун 16 март куни, соат 10:30ларда «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасига «Ангрен – Поп» электрлаштирилган темир йўлининг 71-километри ва А-373-автомобиль йўли «Тошкент – Водий» йўналишининг 232,2 километрида йўл четига тош-тупроқ массаси кўчиб тушгани тўғрисида хабар берилди. Ушбу ҳолат юзасидан ФВВнинг «Қамчиқ» МҚЁҚБ қутқарувчилари ва тегишли ташкилот ходимларидан тузилган махсус гуруҳ зудлик билан воқеа жойига етиб борди. Вазият тезкорлик билан ўрганилиб, содир бўлган ҳолат оқибатлари бартараф этилмоқда.

Ҳозирда Қамчиқ довони орқали автомобиль қатновини муттасил тартибга солиш, ҳаракатланиш давомийлигини издан чиқармаслик учун довон бўйлаб яна 3 та қўшимча механизациялаштирилган пост ташкил этилгани ҳақида хабар қилинмоқда.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг