Қамчибек Ташиев Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди

16:12 10 Февраль 2026 Дунё
470 0

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг фармони билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Бу ҳақда 24.кг нашри хабар берди.

Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрда Қирғизистон МХДҚ раиси этиб тайинланган эди. Ушбу қарор 2020 йил 5-6 октябрь воқеаларидан сўнг, ўша пайтда президент вазифасини бажарувчи бўлган Садир Жапаров томонидан имзоланган.

Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда Қамчибек Ташиевнинг навбатдаги президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Бироқ у президентлик пойгасида қатнашмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашда давом этишини очиқ айтди.

Маълум қилинишича, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси вазифасини вақтинча Жумгалбек Шабданбеков бажаради.

Айтиш жоиз, Ташиев ва Жапаров ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли иттифоқлардан бири сифатида баҳоланади. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимиятга келишдан анча олдин — 2010 йиллардаёқ бошланган, 2012 йилдаги умумий жиноий иш эса бу алоқани янада мустаҳкамлаган.

2020 йил октябрь воқеаларидан кейин мазкур тандем тўлиқ шаклланди: Садир Жапаров президент бўлди, Қамчибек Ташиев эса МХДҚга раҳбар этиб тайинланиб, куч тузилмаларидаги асосий таянч шахсга айланди. Шундан бери у энг резонансли ишларга раҳбарлик қилди ва амалда президент жамоасининг энг яқин ва ишончли вакили сифатида қаралди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер