Қамашида ИИБ ходими устига бензин сепилди: Воқеага ноқонуний ер эгаллаш сабаб бўлган
Фото: Ижтимоий тармоқлардаги видеодан скриншот
Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва бир гуруҳ фуқаролар ўртасидаги жанжал воқеаси тасвирланган видео тарқалди. Мазкур воқеа Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Тўқбой қишлоғида содир бўлган. Ҳолатга муносабат билдирган Қамаши туман ҳокимлиги видеодаги воқеа шу йилнинг 19 февраль куни содир бўлганини маълум қилди.
Тарқалган видеолардан кўриш мумкинки, кўплаб ички ишлар ходимлари ва давлат идоралари ходимлари тупроқ ортувчи трактор воситасида қандайдир ноқонуний қурилмани бузмоқчи бўлишган. Уларга бир гуруҳ аёллар кескин қаршилик қилишмоқда.
Кутилмаганда ўша ердаги йигитлардан бири қўлидаги елим идишда ички ишлар органи ходимларидан бирининг устига ёнилғига ўхшаш суюқлик сепиб юборади. Қолган ички ишлар органи ходимлари уни қувиб кетишади.
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Қамаши туман ҳокимлиги ахборот хизмати билан бирга расмий баёнот бериб, унда ушбу кўнгилсиз воқеанинг бош сабаби нима эканлигига аниқлик киритган.
“Қамаши тумани “Тўқбой” МФЙ Тўқбой қишлоғида яшовчи фуқаро Мадина Поёнова туман ҳокимлигига тадбиркорлик қилиш мақсадида мурожаат қилган.
Қамаши тумани ҳокимининг 2019 йил 12 июлдаги Х-4448/07-сонли қарорига асосан унга Тўқбой қишлоғидаги 13-умумтаълим мактаби ёнидан ўтган йўл ёқасидан “Енгил типдаги китоб дўкони” қуриш учун фуқаро М.Поёновага 60 кв.метр ер майдони ажратилган.
Лекин фуқаролар — М.Поёнова ва унинг акаси А.Поёнов ҳамда Ш.Тўраев ўзбошимчалик билан туман ҳокими қарори билан ажратилган 60 кв.м ер майдонидан ташқари 120 кв.м.дан ортиқ ер майдонини ноқонуний ўзлаштиришиб, ушбу майдонга ҳам бетон пойдевор қўйган.
Ноқонуний қўйилган бу пойдевор мактабнинг олди томонини бутунлай тўсиб қўйган ҳамда таълим даргоҳининг ташқи кўринишига салбий таъсир кўрсатган. Шунинг учун туман ҳокимлиги қурилиш бўлими ходимлари томонидан ушбу қонунбузарлик ўз вақтида аниқланиб, фуқаролар М.Поёнова ва унинг акаси А.Поёнов ҳамда Ш.Тўраев 3 марта ёзма ва бир неча бор оғзаки огоҳлантирилган. Лекин улар қонунга амал қилмасдан, ўзларининг ноқонуний фаолиятини давом эттирган.
Шу сабабли шу йилнинг 19 февраль куни туман ҳокимлиги қурилиш бўлими ва туман ИИБ ходимлари томонидан фуқаролар — М.Поёнова, А.Поёнов ҳамда Ш.Тўраев ноқонуний пойдевор ташланган жойнинг ўзида аввал батафсил тушунтиришлар орқали огоҳлантирилган. Сўнгра ўзбошимчалик билан қурилган пойдевор бузиб олинган.
Туман ҳокими қарори билан фуқаро М.Поёновага “Енгил типдаги китоб дўкони” қуриш учун берилган 60 кв.м ер майдони ўз жойида қолдирилган.
Бузиш жараёнида 1990 йилда туғилган Арслон Поёнов туман ҳокимлиги ва туман ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатиб, пойдеворни бузаётган трактор олдини тўсиб, синглиси М.Поёнованинг қўлидаги 5 литрлик конденсат ёнилғисини туман ИИБ ходими Б.Авлаевга сепиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Айни кунларда А.Поёнов ва фуқаролар М.Поёнова ҳамда Ш.Тўраевга нисбатан бу ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича туман ички ишлар бўлимининг ҳудуд профилактика нозири томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, туман маъмурий судига тақдим этилган.
Қамаши тумани прокуратураси ҳам аҳоли ва мактаб маъмуриятининг ҳақли эътирозини инобатга олиб,туман ҳокими қарорига амал қилинмасдан қўшимча тарзда ташланган мазкур бино пойдеворининг ноқонунийлигини ўрганиб, қонун бузилиш ҳолатини аниқлаган ва фуқаро М.Поёнова Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 200-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги сабабли тегишли тартибда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиб, туман маъмурий судига тақдим этган. Мазкур қонунбузарлик ҳолати 16 мартда судда кўриб чиқилиши белгиланган”, дейилади баёнотда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг