Қамаши туманида яна бир ун завод ишга тушди

16:23 05 Октябр 2023 Жамият
966 0

Фото: “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг июль ойида Қамаши туманидаги “Бўритош ая” фермер хўжалиги томонидан йилига 10 минг тоннадан ошиқ ун ишлаб чиқариш имконини берадиган қувват ишга туширилгани ҳақида хабар бергандик.

Туман марказидаги кичик саноат зонасида яна бир шундай лойиҳа бўйича амалий саъй-ҳаракат бошланди. “Қамаши олтин бошоқ агрокластер” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган донни қайта ишлаш корхонасида Туркия технологияси асосида йилига 20 минг тонна юқори сифатли ун тайёрлаш имкони мавжуд.

— Жамиятимизнинг асосий фаолияти кластер тизимида ғалла етиштиришга ихтисослашган, — дейди жамият раҳбари Баҳром Алиев. – Ҳудуддаги фермер хўжаликлари билан ғалла етиштириш бўйича шартнома тузиб, улардан йилига ўртача 36 минг 700 тонна дон қабул қилиб оламиз. Бу ҳар йили жамият тасарруфидаги омборхоналарга шунча миқдордаги хомашё йиғилади, дегани. Ушбу хомашёни ўзимизда чуқур қайта ишлаш орқали фаолиятдан келаётган даромадни яна бир неча маротаба ошириш мумкин. Шуни ҳисоб-китоб қилган ҳолда, 11 миллиард сўм миқдоридаги сармоя эвазига ушбу корхонани ишга туширдик.

Айни вақтда корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулот ички бозорга етказиб берилмоқда. Бу фаолият туфайли ҳудуддаги 35 нафар киши доимий иш билан банд этилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер