Қалқонота — қарийб икки ярим минг йиллик тарихга эга қишлоқ
Фото: «Халқ сўзи»
Навоий вилояти Навбаҳор туманида жойлашган Қалқонота юртимизнинг қарийб икки ярим минг йиллик тарихга эга қишлоқларидан бири. Археологик топилмалар милоддан аввалги VII-V асрдаёқ у йирик савдо марказларидан бири бўлгани, косиб ва ҳунармандчилик ниҳоятда равнақ топганлигидан далолат беради. Айниқса, Қизимон тепалигида олиб борилган тадқиқотлардан Қалқонота қадимда мустаҳкам қўрғон ва шаҳристон бўлганлиги ойдинлашади. Қўрғон ва тоғ оралиғидан топилган сопол қувурлар тармоғи эса у қадимдаёқ замонасининг фаровон гўшаларидан бири эканлигидан тарихий ашёдир. Қишлоқнинг номланишига келсак, эл орасида турли қараш ва ривоятлар оғиздан-оғизга ўтиб келмоқда.
- Қалқонота қишлоғи номланиши билан боғлиқ икки қараш бор, - дейди Навоий давлат педагогика институтининг тарих факультети декани Рустам Қаршиев. - Бири қадимда турли истило ва босқинларга қишлоқ қалқон вазифасини ўтаганлиги хусусида бўлса, иккинчиси мазкур гўшада X асрда яшаб ўтган шайх Ҳарақоний шахси билан боғлиқ. Шайх ҳазратлари ушбу қишлоққа дафн этилган. Зиёратгоҳ шўро замонида анчайин қаровсиз аҳволда қолиб кетган.
Шайх Абул Ҳасан Ҳарақоний зиёратгоҳи бугунги кунда обод ва ораста қадамжога айлантирилган. Бир қатор тадқиқот ва ўрганишлар натижасига кўра эса “Ҳарқон” ибораси шайхга қадар ҳам истеъмолда бўлганлиги аниқланди. Хусусан, тарихчи Муҳаммад Наршахий “Бухоро тарихи” асарида Бухоро воҳасини суғорувчи анҳорлар, обод қишлоқлар, работлар ва кўшклар ҳақида маълумотлар бераркан, воҳа VIII—XII асрларда Кармана, Шопурком, Ҳарқонат ул-Улё, Ҳарқонруд, Ов-хитфар, Сомжон, Байконруд, Фаровизи Улё, Коми Даймун, Арвон каби суғориш тармоқлари орқали сув билан таъминланганлигини қайд этади. Муаррих тилга олган Ҳарқонруд номидаги “Ҳарқон” ва “руд” сўзлари қадим сўғдий ва форсчадан “катта” ва “ариқ” маъноларини беришини, қишлоқ номи эса Зарафшон дарёсидан келтирилган сув иншооти билан боғлиқ, деган фаразлар илгари сурилишига асос бўлмоқда. Алқисса, Ҳарқонруд, яъни бугунги Қалқонота қишлоғи воҳанинг обод ва фаровон масканларидан бири бўлганлиги Навоий педагогика институти тарихчи ва тилшунос олимлари ҳамкорлигида янада чуқурроқ ўрганилмоқда.
- Ватан тарихининг асосий ёки номуҳим масалалари бўлмайди, - дейди институтнинг матбуот котиби Камол Холов. - Ҳар бир обидаси, тарихий ёдгорликлари, у ерда яшаб ўтган улуғ инсонлари ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг илмий меросини ёш авлод қалбига сингдириш айни зарурат. Шу маънода катта-катта шаҳарларга асос бўлган қишлоқлар тарихини ўрганиш ҳам ғоят долзарбдир.
Қўшимча қилсак, қадим қишлоқлар тарихи, номларининг келиб чиқиши, ҳар бир ёдгорлик кечмишини ўрганиш юртдошларимиз қалбида тарихий хотира, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини юксалтириши шубҳасиз.
Темур ЭШБОЕВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг