Қаловини топса, қор ҳам ёнади
Диққатга молик факт: Пандемия шароити қийинчиликларига қарамай, Вобкент туманидаги «Кумушкент ипаги» масъулияти чекланган жамияти 2400 нафардан зиёд кишини ипак қурти боқиш билан боғлиқ мавсумий ишга жалб этди. Бундан ташқари, 50 киши ёлланма меҳнат билан машғул. Корхонанинг ўзида эса 80 нафар ишчи-ходим меҳнат қиляпти.
Гулнора Ниёзова — уларнинг бири.У 15 йилдирки, шу корхонанинг ўров цехида ишламоқда.
— Дастлаб қийналганман, албатта,- дея эслайди у.— Киши қунт билан ишласа ҳаммаси жойига тушиб кетаркан. Вазифам дастгоҳларнинг бир маромда ишлашини назорат қилишдан иборат. Мабодо ип узилгудек бўлса, дарҳол боғлаб қўяман. Ипакдан олинаётган ип сифати кўп жиҳатдан бизнинг меҳнатимизга боғлиқ. Касбимни яхши кўраман. Сизга ёлғон, менга чин, ҳозир кўзимни чирт юмган ҳолда ҳам ишлай оламан.
Корхонада ишловчиларнинг кўпчилиги қишлоқ хотин-қизлари. Улар учун автобус ажратилган. Бепул тушлик бериляпти.
— Биз Вобкент ҳамда Когон туманларида етиштирилган 300 тоннадан зиёд пиллани қайта ишлаймиз,- дейди корхона бош ҳисобчиси Нурхон Ўраева.— Ипак қурти боқувчиларга ҳам, уни қайта ишловчиларга ҳам имкон қадар қулайликлар яратиб беряпмиз.
Шу ўринда бир мисол. Корхона тадбиркорлари хориждан сунъий даста тайёрлайдиган замонавий ускуна харид қилишди. Жорий мавсумда 3 минг қути ипак қурти учун зарур даста шу ускуна воситасида тайёрланди. Ишлатиш учун қулай, тоза бундай дасталардан ўн йилгача фойдаланиш мумкин. Ваҳолонки, шу пайтга қадар шувоқ, супурги ва ҳатто терак шохлари пилла ўровчи восита сифатида ишлатилар эди. Мутахассисларнинг айтишларича, масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бир қути ипак қуртига бир тележка шувоқ керак. Уни яйловдан тўплаш учун тўрт киши бир кун вақт сарфлайди. Ачинарлиси, атроф- муҳитга жиддий зиён етади.Чорва ризқи қийилади.Замонавий ускуна шарофати билан бу масалага ҳам ечим топилди.
— Қаловини топса, қор ҳам ёнади, деб бежиз айтишмаган,- дейди корхона иш юритувчиси Жобир Ҳожиев. — Яқинда корхонамиз қошида ипакдан гилам тўқишни йўлга қўйдик. ”Уста – шогирд” усулида иш ўрганган бир гуруҳ ёшларимиз турли ўлчамдаги нафис гиламларни тўқишмоқда.
Ишга ана шундай замонавий ёндашувлар корхонанинг экспорт салоҳиятини оширяпти. Маълумотларга қараганда, «Кумушкент ипаги» 2019 йилда Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон сингари давлатлардаги буюртмачиларга 1,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни етказиб берди.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг