Қалами билан эъзоз топган ижодкор
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоят Матбуот уйида 60 ёшли Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист, таржимон Тошпўлат Тугалов ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда шоир, ёзувчилар, журналистлар, ижодкорнинг яқинлари қатнашиб, Тошпўлат Ўрхун тахаллуси билан ижод қилаётган шоирнинг серқирра ижоди ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
Тошпўлат Ўрхун узоқ йиллар вилоят телерадиокомпаниясида муҳаррир, катта муҳаррир, бош муҳаррир вазифаларида ишлаган. Халқ муаммолари билан боғлиқ юзлаб долзарб мавзуларда кўрсатувлар тайёрлаган. Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари вазифасида фаолият кўрсатиб, самарқандлик ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Унинг «Мужда», «Кечиккан жавзо», «Сурур» ва «Умр карвони» номли шеърий китоблари, «Бир куни мухбирлар…» ҳангомалар тўплами, «Қаламни қадрлаб...» эссеси, «Таниш чеҳралар» очерк ва интервьюлари, «Умр зийнати», «Қаҳрамонлар мангу яшайди» номли бадиий публицистик ҳамда «Тонг юлдузи болалари» номли таржима китоблари чоп этилган.

— Тошпўлат ака билан телевидениеда бирга ижод қилдик, — дейди вилоят телерадиокомпанияси директори ўринбосари Дилмурод Исматов. — Журналист сифатида ўша даврларда кўплаб янги жанрдаги эшиттириш ва кўрсатувларга муаллифлик қилди. Кўплаб шогирдлари устозининг изидан бормоқда.
Ижодий учрашувда Тошпўлат Ўрхунга матбуот ва адабиётга қўшган ҳиссаси учун ташаккурнома ва совғалари топширилди. Шунингдек, телевидение, «Нуроний» жамғармаси шаҳар бўлими, таҳририятлар совғалари тақдим этилди.
Тадбир давомида шоир ижодидан намуналар ўқилди. Ижодкорнинг шеърларидаги Ватан сарҳадлари, унинг гўзаллиги ва фаслларнинг ифори қалбан ҳис этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг