Қадим Кармана оқова сув тизимига эга бўлади

15:48 02 Февраль 2023 Жамият
866 0

Фото: Халқ сўзи

Мутахассисларнинг таъкидлашича, она сайёрамизда аҳолининг қирқ фоизга яқини сув танқислигидан азият чекмоқда, бешдан бир қисми эса зарур инфраструктуранинг мавжуд эмаслиги туфайли ичимлик суви таъминоти муаммолари билан яшамоқда.

Ўтган йилнинг бошида Навоий вилояти аҳолисининг ҳам саккиз фоиздан ортиқроғи улар қаторида бўлиб, қарийб 75 минг кишининг сув таъминотидаги узоқ йиллик орзулари ушалмай келаётган эди. Бошқачароқ айтсак, вилоятда 2022 йилда барча манбалар ҳисобидан ажратилган 56,6 млрд.сўм маблағ эвазига 332 км ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 18 дона ичимлик сув иншоотини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти билан таъминланганлик даражаси 68,2 фоиздан 76 фоизга етказилди.

— Шунингдек, ўтган йили вилоятимизнинг Қизилтепа, Хатирчи, Навбаҳор ва Нурота туманларидаги марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган 24 та қишлоқ кўчаларига маҳаллий бюджетдан ажратилган 2 853 млн.сўм маблағлар эвазига жами 58,5 км узунликдаги янги қувурлар тортилди, — дейди «Навоий сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Лобар Дўстова. —Натижада давлат дастурларига қўшимча равишда
10 минг нафардан ортиқ аҳолини илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминлашга эришилди. Энг муҳими, фуқароларнинг мурожаатлари асосида жамиятимиз томонидан 16,3 км сув қувурлари ётқизилиб, олис ҳудудлардаги аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.

Вилоятнинг Томди тумани «Томдибулоқ» ОФЙдаги Эски Томди ва Роҳат овуллари марказдан 300 километр олисда жойлашган. Ушбу ҳудудларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ҳукумат қарори собиқ шўро замонида қабул қилинган бўлса- да (1975 йил), қарийб эллик йил турли важ-карсонлар билан пайсалга солинган эди.

— Қарор қабул қилингани билан аввалига ақча берилмади, — дея эслайди томдилик меҳнат фахрийси Жарилқасин Асубаев. — Кейин сув ресурси йўқ деб, жавоб беришди. Мана, инсон қадри улуғланиб, пул ҳам, сув ҳам топилди.

Томдининг мазкур овулларига умумий узунлиги 29,8 км янги ичимлик сув қувурлари тортилиб, ушбу ишларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 6 265,2 млн.сўм маблағлар йўналтирилди.

— Вилоятимизда 2023 йилда барча манбаалар ҳисобидан ажратилган 212,6 млрд. сўм маблағлар ҳисобидан жами 774,0 км ичимлик сув тармоқлари, 27 дона ичимлик сув иншооти қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган, — дейди «Навоий сув таъминоти» МЧЖ раҳбари Отабек Зарипов. — Натижада йил якуни билан аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 76 фоиздан 81 фоизга етказилади ҳамда 101,1 минг нафар аҳоли хонадонларида илк бор сув чиқа бошласа, 24,0 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Жорий йилда вилоятда халқаро молия институтлари иштирокидаги йирик лойиҳага қўл урилади. Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги
«Франция тараққиёт агентлиги иштирокида «Навоий вилояти Кармана туманида оқова сув тизимларини қуриш» ҳамда «Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш» лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Карманада қиймати 30,79 млн. еврога тенг лойиҳа ишларига старт берилади.

—Ушбу лойиҳа доирасида 2022 йил давомида барча ташкилий масалалар ҳал этилиб, қарз маблағларини қайта кредитлаш битими имзоланди, — дея давом этади О. Зарипов. — Эндиликда жорий йилнинг август ойига қадар қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа доирасида Кармана туманида 117,2 км оқова сув тизимини, 21,3 км босимли коллекторлар, 12 та насос станцияси ҳамда 9 800 м3/сутка қувватли 1 та оқава сув тозалаш иншоотини қуриш кўзда тутилган.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер