Прокурорлар секторлари: долзарб масалалар ечимига манзилли ёндашув
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида барча соҳа ҳамда тармоқларда мутлақо янгича ва самарали иш услуби татбиқ этилди. Буни биргина ушбу янгиланиш даврининг илк кунларидан бошлаб, аҳоли муаммолари, айниқса, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ногиронлиги бор шахслар билан манзилли ишлашнинг халқчил механизмлари жорий этилганидан ҳам англаш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан бундан беш йил олдин татбиқ этилган секторлар тизими нафақат аҳоли муаммоларини ҳал этиш, балки ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳам янги босқичини бошлаб берди.

Секторлар воситасида аҳоли билан ўрнатилган доимий мулоқот эса муаммоларни, уларнинг асл сабаблари ва ҳал этиш механизмларини ўрганишга, одамларни иш билан таъминлаш имконини берди.
Кейинги пайтларда прокурор секторлари томонидан ҳунармандчилик, тикувчилик ҳамда касаначиликни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, прокурорлар секторларида сўнгги уч йил давомида 22,7 млрд. сўм кредит ажратилиб, қарийб 4 минг 300 та ҳунармандчилик йўналишидаги субъектлар фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 9166 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, Қўнғирот туманидаги “Устюрт” овулида қўй жунидан маҳсулот ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилиб,
60 та янги иш ўрни яратилди, 30 та хонадонда жунни қайта ишлаш фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу тажрибанинг Қорақалпоғистон Республикасининг 25 та овул ҳамда маҳаллаларида жорий этилиши натижасида 235 та хонадондаги 430 нафардан зиёд фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Пойтахтимизнинг Олмазор тумани Олтинсой маҳалласида ёғоч ўймакорлиги маркази ташкил этилиб, 20 нафар киши муқим иш жойига эга бўлди ҳамда 10 нафар ёшга “Устоз — шогирд” анъанаси асосида ёғоч ўймакорлиги ҳунари ҳам ўргатилмоқда. Шунингдек, прокурорлар секторлари кўмагида ўтган уч йилда 60 млрд. сўмдан зиёд кредит ажратилиши ҳисобига 4 минг 720 та тикувчилик корхонаси фаолияти йўлга қўйилди ва қарийб 13 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Жумладан, Пахтаобод туманидаги Нурдиёр маҳалласида яшовчи Н. Мухторовга тикувчилик фаолиятини ривожлантириш учун 152 млн. сўм имтиёзли кредит ҳамда субсидия маблағи ажратилди ва 20 дан зиёд янги иш ўрни ташкил этилди.

Шунингдек, Жондор туманидаги педагогика коллежининг бўш биносида тикувчилик кооперацияси ташкил этилиб, 100 нафар хотин-қизнинг, Зафаробод туманидаги Ёрқин маҳалласида яшовчи Р.Умирзоқованинг хонадонида тикувчилик цехи ишга туширилиб, 15 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Прокурорлар секторларида 8,2 млрд. сўмлик кредит ҳисобидан 1 минг 600 дан ортиқ касаначиларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида 2 минг 400 нафарга яқин фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлди.

Боғот туманида ишга туширилган касаначилик йўналишидаги 32 та тадбиркорлик субъекти, Риштон туманидаги Оқтомир маҳалласида ташкил этилган ва 20 нафар аёл меҳнат қилаётган “Зарина нафис гиламлари” кооперативи ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самараси, десак, айни ҳақиқат.
Умуман олганда, прокурорлар секторларида долзарб масалалар ечимига манзилли ёндашилаётгани, жумладан, ҳар бир эҳтиёжманд оиладаги вазият чуқур ўрганилиб, унинг муаммосини тўлиқ ҳал қилишга эътибор қаратилаётгани қисқа муддатларда ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
"Халқ сўзи".
Ҳасан Пайдоев олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг