Прокуратура Департаменти Қурилиш вазирлигининг ижтимоий тармоқларда тарқалган хабари юзасидан муносабат билдирди
Хоразм вилоятининг Хонқа туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ф. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясида ишловчи Р.Р. қариндоши Р.нинг биносини фойдаланишга қабул қилиш ҳақидаги мурожаати инспекция томонидан кўриб чиқилиб, натижасига кўра объектни қабул қилиш рад қилинган бўлсада, Р.Р. хизмат мавқейидан фойдаланиб, ушбу мурожаатни ижобий ҳал қилиб бериши эвазига 1 000 АҚШ доллари талаб қилаётганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу мурожаат ҳамда олинган тезкор маълумотларга асосан 31.01.2022 йилда ўтказилган тезкор тадбирда, Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси етакчи инспектори Р.Р. фуқаро Р.нинг биносини фойдаланишга қабул қилиш ҳақидаги мурожаатини ижобий ҳал қилиб бериши эвазига ўзи талаб қилган 1 000 АҚШ долларини Урганч шаҳри марказидаги савдо комплексининг автотураргоҳида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, фуқаро Р.Р. Хоразм вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг Қурилиш-монтаж ишлари устидан назорат бўлими етакчи инспектори лавозимида ишлаши, инспекция томонидан тақдим этилган расмий ҳужжатлар, маълумотнома, махсус гувоҳнома, табель ҳамда тезкор тадбир жараёнида олинган видеолавҳа орқали тасдиқланган (мавжуд маълумот ва видеолавҳалар терговга тақдим қилинган).
Ҳозирда, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг