Президент фармони билан пилла харид нархи 25 фоизга оширилди
Президент раислигида маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Пиллани харид нархи пастлиги учун пиллакорларда манфаатдорлик паст.
Шунинг учун ипакчиликни ривожлантириш бўйича куни кеча имзоланган Президент фармони билан пилла харид нархи 25 фоизга оширилди.
Пиллакорлар даромад ва ижтимоий солиқлардан озод қилинди, тутзорлар учун ер солиғининг 10 фоизи тўланади.
Мутасаддилар ва ҳокимларга янги тутзорлар ташкил қилса бўладиган 105 минг гектар ер ажратиш топширилди. Бу ерлар лотларга бўлиниб, аукционда берилади, аукциондаги ернинг бошланғич нархи 10 фоиз этиб белгиланади.
Йиғилишда ипак олишнинг муқобил усулларини йўлга қўйиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Хитойда канакунжут қуртини парваришлаб, ипак олиш кенг йўлга қўйилган.
Бу янги йўналишни ўзимизнинг иқлим шароитимиздан келиб чиқиб татбиқ қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига канакунжут ўсимлиги ва қурти уруғларини олиб келиб, Ипакчилик институтида синов ишларини бошлаш топширилди.
Умуман, ҳокимлар ва соҳа мутасаддиларига пилла мавсумини сифатли ташкил этиб, ҳосил йўқотишсиз йиғиб олинишини таъминлаш бўйича қатор топшириқлар берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг