Президент Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда

11:51 01 Июнь 2024 Сиёсат
538 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари Бухорода ҳам сўнгги йилларда катта ўзгаришлар бўлганини қайд этган.

Жумладан, вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 115 триллион сўм инвестиция жалб қилинди, 4,6 мингта корхона ишга тушиб, 90 мингта иш ўрни яратилгани, экспорт 215 миллион долларга етди, Қоракўл, Жондор, Шофиркон ва Когон туманларининг ҳар бирида саноат ҳажми йилига 1 триллион сўмдан ошгани айтиб ўтилган.

Шу билан бирга, вилоят салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича вилоят раҳбарияти, 13 та туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳозирги фаолияти жуда сустлиги кўрсатиб ўтилди. 

«Бухоронинг 4,2 миллион гектар ери бўлса, 6 фоизига экин экилади. Яна 3,2 миллион гектар ер – ишлатилмасдан турган катта имконият», деган Президент.

Шунингдек, вилоятдаги 60 минг тонна ип-калаванинг 57 фоизи матога айланаётгани, қолгани хомашё шаклида арзон сотилаётгани, матонинг 24 фоизи тайёр маҳсулотга айланаётгани ҳамда вилоятда 1 миллион 200 минг тонна мева-сабзавот етиштирилсада, экспорти 15 миллион доллардан кам экани танқид остига олинди.

Йиғилишда аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорликка кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди.

Вилоятда бу ой 21,5 минг битирувчи меҳнат бозорига кириб келади. Уларни ва ишсиз, кам даромадли аҳолини иш ва даромад манбалари билан таъминлаш – долзарб вазифа экани қайд этилди.

Янги тайинланган вилоят раҳбарлари тадбиркорга ёрдам бериб, Бухорони камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш шартлиги ҳақида огоҳлантирилди. 

Бухорода кичик бизнесга бу йили 5,9 триллион сўмга қўшимча яна 2,1 триллион сўм кредит ажратилиши эълон қилинди. Туризм ва сервис учун яна 100 миллион доллар алоҳида ажратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер