"Президент арчаси” тадбиридан Фоторепортаж
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
2022 йил 29 декабрь куни Тошкент шаҳридаги "Томоша" болалар театр студиясида Янги йил байрами муносабати билан ўтказилаётган "Президент арчаси” тадбирининг дастлабки сеанс дастурлари бўлиб ўтди.
Таъкидлаш лозимки, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчиларнинг болалари, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари иштирокида ҳар йили Янги йил байрами олдидан анъанавий тарзда "Президент арчаси" тадбири ўтказиб келинади.

2022 йилги "Президент арчаси" тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 октябрдаги 238-сонли мажлис баёнига асосан, Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тақдим этган рўйхатлар асосида 3-15 ёшдаги 9 873 нафар ўғил-қизларнинг рўйхати шакллантирилди. Ушбу болаларга 10,2 млрд. сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳисобидан "Президент совғаси" тайёрланди ҳамда жойларга етказилди.

"Президент совғаси" таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 14 турдаги ширинликлар, расм дафтари, рангли қаламлар тўплами, совғалар солинадиган қоп, рюкзак, китоблар тўплами, шахмат, шунингдек, Меҳрибонлик уйлари, SOS болалар маҳаллалари ва Оилавий болалар уйларининг 12-18 ёшли тарбияланувчилари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, совғалар солинадиган қоп, рюкзак, электрон китоб, термос, шахмат киритилган.
20-25 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларга "Uzbekistan Airways" АЖ самолётлари ҳамда "Таъминот ва логистика хизмати" давлат унитар корхонаси автотранспортлари орқали 7 851 дона "Президент совғаси" етказилди.

29-30 декабрь кунлари вилоят ҳокимликлари, сектор раҳбарлари ва халқ таълими бошқармалари томонидан республиканинг барча ҳудудларида "Президент арчаси" тадбирлари ташкил қилинади ҳамда болаларга "Президент совғаси" тарқатилиши режалаштирилган. Маълум сабабларга кўра байрам тадбирларига кела олмаган болалар учун совғалар ҳокимлик, секторлар вакиллари, миллий гвардия ва халқ таълими вакиллари томонидан уларнинг уйларига борган ҳолда тантанали тарзда топширилади.

Ҳудудларда бўлиб ўтадиган "Президент арчаси" тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар. Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар томонидан зарур эҳтиёт чоралари кўрилган.

"Президент арчаси" тадбирининг асосий тантаналари жорий йилнинг 29 декабрь кун "Томоша” болалар театр студиясида бўлиб ўтди. Бу ерда болажонларимизнинг Янги йил байрамида муносиб дам олишлари учун "Томоша" болалар театр-студияси томонидан саҳналаштирилган "Янгибекнинг орзуси" номли театр томошаси намойиш этилди.








“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг